Ассалому алайкум! Айтишларича, Қуръонда ўғил кўрмоқчи бўлганлар ўқийдиган дуо келтирилган экан. Шу ростми? Агар рост бўлса, у қайси сура ва қайси оятда бор? Илтимос айтиб юборинг. Раҳмат!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Қуръони Каримда ундай махсус дуо йўқ. Фақат баъзи анбиёлар тилидан зурриёт сўраб қилинган дуолар келтирилган.
«Шу чоғда Закариё Роббига дуо қилиб: «Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ҳадя эт. Албатта, Сен дуони эшитувчисан», деди» (Оли Имрон сураси, 38-оят).
Ушбу дуо Закариё алайҳиссаломнинг тилларидандир. Бу доудан кейин Аллоҳ таоло у зотга Яҳё алайҳисссаломни ато этди.
«Роббим, менга солиҳлардан ато эт», деди» (Соффаат сураси, 100 оят).
Бу дуони эса Иброҳим алайҳиссалом солиҳ зурриёт сўраб қилганлар. Дуолари истижобат бўлиб, Аллоҳ таоло у зотга Исмоил алайҳиссаломни ато этган. Валлоҳу аълам