Ассалому алайкум! Мен 1986 йил 4 февралда туғилганман, яшаш жойим Андижон вилояти Марҳамат туманининг Қорабоғиш қишлоғидаги 35-уй. Иккинчи гуруҳ ногиронлигим бор. Соғлигим ёмонлиги туфайли турмушга чиқмаганман. Ҳозирда уйимиз 6 сотих, бу уйда ота-онам, акам оиласи билан (уч нафар фарзанди бор), укам ва мен яшаймиз. Укам 1988 йилда туғилган, уй-жой етишмаслиги сабабли уйланмаган. Мен намунали (2 сотихли) уйдан олиш учун икки маротаба Президент қабулхонасига мурожаат қилдим. Лекин жавоб ололмадим. Сиздан сўрамоқчи бўлганим шуки, мен давлат ҳисобидан 2 сотих уй-жой қилиш учун ер олишга ҳуқуқим борми? Бўлса, қаерга мурожаат қилишим керак? Раҳмат сизларга, Аллоҳим қилаётган беминнат ёрдамларингиз ажрини берсин
Ҳуқуқшунос:
Ва алайкум ассалом! Сиз ўзингиз яшаб турган туман ҳокимиятига ариза билан мурожаат қилиб, арзон уй-жой олиш ҳуқуқига эгасиз.
Қонунчиликка мувофиқ қуйидаги тоифага кирувчи шахслар арзон уй-жойни ипотека кредити асосида олганда дастлабки бадал суммаси тўлашдан озод этилади:
- оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар (ҳокимликларда тузилган турар жой бўйича комиссиялар тавсияси асосида);
- мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар (Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши қарори асосида);
- ҳарбий хизматчилар (тегишли идораларнинг марказий аппаратлари ҳузурида марказий турар жой комиссияси хулосаси асосида).
Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар бериш тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинган. Қарор ва унга илова қилинган низомда уй-жойни олишга ким талабгорлигидан тортиб қандай ҳужжатлар кераклигию, жараён қай тартибда кечишигача батафсил ёзилган. Қуйида ҳужжатнинг асосий ўринларига ойдинлик киритиб ўтамиз.
мулк ҳуқуқи асосида (яъни номида) турар жойи йўқ, ижарада ёки яшаш учун яроқсиз уйда яшайди;
бошқа оила (оилалар) билан бир уйда (бир хонадонда) яшайди;
кўп болали (уч ва ундан ортиқ);
оиласининг даромади кам;
касаллиги туфайли алоҳида хонада яшаши керак (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) (туман тиббиёт бирлашмасининг хулосаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи (маҳалла) маълумотномаси асосида);
оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд;
уй-жой майдони ижтимоий нормага мувофиқ эмас (бир шахс учун 16 кв. метрдан кам, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв. метрдан кам);
биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёллар;
оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган боласини парваришлаётган аёллар (туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси маълумотномаси ва тиббиёт бирлашмаси хулосаси асосида);
кам таъминланган оилада ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларини тарбиялаётган аёллар (маҳалла фуқаролар йиғини маълумотномаси асосида).
Ушбу ижтимоий нормалар ариза берувчининг аҳволини баҳолашда асосий мезон бўлиб хизмат қилади. Талабгор аёлнинг аҳволи ҳар бир пункт бўйича баҳолаб чиқилади ва энг кўп балл тўплаганлар биринчи навбатда тавсия оладилар.
ҚАНЧА ВА ҚАНДАЙ УЙЛАР БЕРИЛАДИ?
Ҳар йили ҳар бир туман ва шаҳарга (тоифасига қараб) 6 тадан 10 тагача 2-3 хоналик квартиралар ва 2 сотихлик (2-3 хонаси бор) ҳовлилар берилади. Ногирон хотин-қизларга кўп қаватли уйларнинг биринчи ё иккинчи қаватидан квартиралар берилади.
ПУЛИНИ КИМ ТЎЛАЙДИ?
Бошланғич бадал (25%) Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, талабгор ишлаётган ташкилот томонидан ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар (ҳомийлар, бошқа жамғармалар) ҳисобидан тўлаб берилади. Қолган 75 фоизи эса тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиб қопланади (талабгор томонидан). Бордию талабгорнинг бунга қурби етмаса (кам таъминланган бўлса, доимий даромади бўлмаса), у ишлаётган ташкилот, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг маблағлари ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига бу пуллар тўлаб берилади.
ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ТАЛАБ ҚИЛИНАДИ?
Туман ҳокимияти қошида тузилган махсус ҳудудий Комиссияга ариза топширилади ва шу комиссиянинг тавсияси билан кейинчалик имтиёзли уй-жойга эга бўлиш мумкин. Ариза топширилиши учун ОХИРГИ МУДДАТ – ҳар йилнинг 1 феврали.
Ариза;
Паспорт нусхаси;
Солиқ тўловчининг идентификация рақами нусхаси (СТИР);
Оила аъзолари паспортлари ва никоҳ қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва/ёки фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) нусхалари;
Яшаш жойидан оила таркиби тўғрисида маълумотнома;
Ариза берувчи ва у билан бирга яшаётган оила аъзоларининг доимий иш жойларидан берилган охирги 12 ой мобайнидаги даромадлари тўғрисида маълумотнома ёки ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган охирги 12 ой мобайнидаги даромадлар тўғрисидаги декларациялар нусхалари;
Доимий прописка жойидан кадастр ҳужжати нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);
Доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий про
писка жойи билан тўғри келса);
Ижара ёки турар жойдан текинга фойдаланиш тўғрисида шартнома ёки туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими маълумотнома нусхаси (ариза берувчининг мулк ҳуқуқи асосида турар жойи бўлмаган ҳолатда);
Ногиронлик гуруҳи кўрсатилган ҳолда пенсия гувоҳномаси, ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясидаги туманлараро (туман) тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) маълумотнома нусхаси (оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногирони мавжуд бўлган ҳолатда);
Турар жойи бўйича туман даволаш-профилактика муассасанинг врачлик-маслаҳат комиссияси (ВМК) маълумотномаси ёки ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларига чалинган ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахснинг мавжудлиги ҳолатида — туманлараро (туман) ТМЭК маълумотномаси.
АРИЗА ТОПШИРИЛГАЧ НИМА БЎЛАДИ?
Ариза ва ҳужжатлар белгиланган қабул кунларида Комиссияга топширилади. Комиссия аризани рўйхатга олади ва аризанинг бир нусхасига қабул қилинган сана ва қабул қилган шахснинг имзосини қўйиб талабгорга беради (ариза қабул қилиниб олинганлигининг исботи сифатида). Таъкидлаш жоиз, рўйхат рақамлаб борилади, рўйхат дафтари махсус муҳр билан ҳимояланган бўлади.
Комиссия ариза берувчининг ҳужжатларини, доимий яшаш жойини, турмуш шароитини ўрганади (15 иш куни ичида).
Ўрганиб бўлгач, хулосалар тайёрлайди ва ёзма шаклда талабгорга беради (3 иш куни ичида). Хулосада имтиёзли уй жойга тавсия этилган ёки этилмагани сабаблари батафсил кўрсатилади.
КИМЛАР БИРИНЧИ НАВБАТДА УЙ ОЛАДИ?
Уйга муҳтожлар кўп, уйлар сони чекланган. Бундай шароитда кимларга биринчи навбатда уй берилади?
Айрим аёллар мен имтиёз бериладиган тоифага кирсам ҳам, беришмаяпти деб шикоят қилишяпти. Шунинг учун айни масалани ҳаётий вазиятлар орқали тушунтиришга уриниб кўрамиз.
Бир аёл уй-жойга муҳтож ва ёлғиз она, иккинчиси уй-жойга муҳтож, ёлғиз она ва айни дамда кам таъминланган, учинчи бир аёл эса ёлғиз она, кам таъминланган ва яна ногирон ҳам. Шунда албатта, учинчи аёл биринчи икки аёга нисбатан тавсия олишга ҳақлироқ ҳисобланади.
Сиз кўп жиҳатдан имтиёзли уй олишга муносиб бўлсангиз ҳам, сиздан-да муносиброқлар бўлиши мумкин. Чунки бир тумандан йилига 6 та уй бериляпти, аммо унга ўнлаб, ҳатто юзлаб талабгорлар чиқади. Шунинг учун Комиссия ҳар бир ҳолатни индивидуал ўрганиб, муҳтожлик даражасини баллар орқали ифодалаб боради. Яъни энг муҳтожлар, ўта муҳтожларлар, жуда муҳтожлар, ўртача муҳтожлар каби камайиб бориш принципи амал қилади.
Аёл бу йил тавсиянома олмаган бўлса, кейинги ёки ундан кейинги йилларда олиши мумкин. Шу тарзда уй-жойга муҳтожлар сони камайиб, сизнинг тоифангиздагиларга ҳам навбат етади