Ғийбат ҳақида

08:40 / 10.02.2019 | Umarova Bahoraxon | 1661
Ассалому алайкум! Бўлиб ўтган бир воқеани айтиб бериш ёки дардлашиш мақсадида айтиб бериш ҳам ғийбатга кирадими? Истиғфордан ташқари қандай тавба қилса бўлади ғийбат учун? Бир китобда “Фотиҳа”, “Фалақ”, ва “Нас” сураларин ўқиб, ғийбат қилган киши номаи амолига ёзишни сўранг дейилган экан
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Саккизинчи офат – ғийбат.
«Ғийбат»нинг луғатдаги маъноси бир нарсанинг кўздан тўсилишидир.
Уламолар ғийбатни қуйидагича таърифлайдилар:
Журжоний айтади: «Ғийбат инсоннинг бор айбларини унинг йўқлигида зикр қилишдир».
Муновий уни «Ғойибнинг айбини зикр қилиш», деган.
Ғийбатнинг энг мукаммал таърифи қуйидаги ҳадиси шарифда келгандир:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  أَنَّهُ قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ مَا الْغِيْبَةُ؟ قَالَ: «ذِكْرُكَ أَخَاكَ بِمَا يَكْرَهُ». قِيلَ: أَفَرَأَيْتَ إِنْ كانَ فِي أَخِي مَا أَقُولُ؟ قَالَ: «فَإِنْ كَانَ فِيهِ مَا تَقُولُ فَقَدِ اغْتَبْتَهُ، وَإِنْ لَمْ يَكُنْ فِيهِ مَا تَقُولُ فَقَدْ بَهَتَّهُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?» деб сўрашди. «Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг», дедилар. Шунда: «Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?» дейишди. «Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», деб жавоб қилдилар.
Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар.
Ғийбат нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон иш экани Ҳужурот сурасида баён қилинади:
ﭟ ﭠ ﭡ ﭢﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫﭬ ﭭ ﭮﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ

«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир» (12-оят).
عَنْ أَبِي بَرْزَةَ الْأَسْلَمِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «يَا مَعْشَرُ مَنْ آمَنَ بِلِسَانِهِ وَلَمْ يَدْخُلِ الْإِيمَانُ قَلْبَهُ لَا تَغْتَابُوا الْمُسْلِمِينَ، وَلَا تَتَّبِعُوا عَوْرَاتِهِمْ، فَإِنَّهُ مَنْ اتَّبَعَ عَوْرَاتِهِمْ يَتَّبِعِ اللهُ عَوْرَتَهُ، وَمَنْ يَتَّبعِ اللهُ عَوْرَتَهُ يَفْضَحْهُ فِي بَيْتِهِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Охиратда ҳам ғийбатчилар жазосиз қолмайдилар.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ  قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «لَمَّا عُرِجَ بِي مَرَرْتُ بِقَوْمٍ لَهُمْ أَظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ يَخْمِشُونَ وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ، فَقُلْتُ: مَنْ هَؤُلَاءِ يَا جِبْرِيلُ؟ قَالَ: هَؤُلَاءِ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ وَيَقَعُونَ فِي أَعْرَاضِهِمْ». رَوَاهُ أَبُو داَوُدَ وَأَحْمَدُ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мерожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен:
«Эй Жаброил, улар ким?» деб сўрадим.
«Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар», деб жавоб берди».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Мўмин-мусулмонлар ғийбатдан четланибгина қолмасдан, бошқа ғийбатчиларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари ҳам матлубдир.
عَنْ سَهْلِ بْنِ مُعَاذِ بْنِ أَنَسٍ الْجُهَنِيِّ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: مَنْ حَمَى مُؤْمِنًا مِنْ مُنافِقٍ يَعِيبُهُ بَعَثَ اللهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى مَلَكًا يَحْمِي لَحْمَهُ يَوْمَ القِيَامَةِ مِنْ نَارِ جَهَنَّمَ، وَمَنْ بَغَى مُؤْمِنًا بِشَيْءٍ يُرِيدُ بِهِ شَيْنَهُ حَبَسَهُ اللهُ تَعَالَى عَلَى جِسْرِ جَهَنَّمَ حَتَّى يَخْرُجَ مِمَّا قَالَ». رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Саҳл ибн Муъоз ибн Анас Жуҳанийдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимки бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади. Кимки бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради», дедилар».
Аҳмад ривоят қилган.
Ғийбатчига қулоқ солган киши унинг шериги ҳисобланади. Фақат унинг гапини тили билан инкор қилсагина, гуноҳидан қутулади. Агар очиқ инкор қилишдан қўрқса, қалби ила инкор қилсин ва гапни бошқа тарафга буришга ёки туриб кетишга ҳаракат қилсин.

ҒИЙБАТНИНГ САБАБЛАРИ ВА УНИ ДАВОЛАШ
Ғийбатнинг сабаблари жуда кўп, улардан баъзисини эсга оламиз:
1. Аччиғини тўкиб солиш.
Бир одам бошқасининг аччиғини чиқарган бўлса, аччиғи чиққан уни ғийбат қилиш ила ундан ўч олишга ҳаракат қилади.
2. Тенгдошлар ва ҳамсуҳбатларга шерик бўлиш, уларнинг гапини қўллаб-қувватлаш.
Таниш-билиш ёки улфатлар бировнинг ғийбатини қилаётган бўлса, ёқиш ва яхши кўриниш ниятида уларга қўшилади. Буни ўзича одамгарчилик деб ўйлайди. Аслида гуноҳга шерик бўлган бўлади.
3. Ўз обрўсини кўтариш учун бировни айблаш.
Мисол учун, «Фалончи жоҳил, фаҳми йўқ», деб, ўзини илмли ва ўткир фаҳмли қилиб кўрсатишга уринади.
4. Ҳасад.
Одамлар бир кишини мақтаётганлари учун ҳасад қилади ва уни ғийбат қилиб, обрўсини тўкиш пайидан бўлади.
5. Ўйин-кулги ва ҳазил.
Одамларни кулдириш ва даврани қизитиш мақсадида бошқаларнинг камчилиги ва айбини айтиб, ғийбат қилинади. Баъзилар бу ишни ўзига касб қилиб олган ҳам бўлади.

ҒИЙБАТНИНГ ДАВОСИ
Аввало ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билиб қўйиши керак.
Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар савоби бўлмаса, нариги одамнинг гуноҳлари унга олиб берилишини ҳам билиб қўйсин.
Ғийбат пайти бўлиб қолса, ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Ўзининг айблари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Агар ўзини айблардан холи билса, ўшанга шукр қилиш ила машғул бўлсин. Ўзини ўзи энг ёмон айб – ғийбатчилик ила ифлосламасин. Ўзини биров ғийбат қилишини истамаганидек, ўзи ҳам ўзгаларни ғийбат қилишни истамасин.
Ғийбатга боис бўлган сабабга назар солсин ва ўша сабабни йўқ қилишга ҳаракат қилсин. Дарднинг давоси уни келтириб чиқарган сабабни йўқ қилиш ила бўлади.

ҚАЛБ ҒИЙБАТИ
Гоҳида ғийбат қалб билан ҳам содир этилади. Бу мусулмонлар ҳақида ёмон гумон қилиш ила бўлади.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛﭜ ﭝ ﭞ
«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар» (12-оят).
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам «Кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейилмоқда.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ : أَنَّ رَسُولَ اللهِ  قَالَ: إِيَّاكُمْ وَالظَّنَّ، فَإِنَّ الظَّنَّ أَكْذَبُ الْحَدِيثِ، وَلَا تَحَسَّسُوا وَلَا تَجَسَّسُوا، وَلَا تَنَافَسُوا، وَلَا تَحَاسَدُوا، وَلَا تَبَاغَضُوا، وَلَا تَدَابَرُوا، وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا». رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ўзаро рақиб бўлманг ва ўзаро ҳасад қилманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг ва бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор».
Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўп ҳолларда бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.
Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деган эканлар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «إِيَّاكُمْ وَالظَنَّ، فَإِنَّ الظَّنَّ أَكْذَبُ الْحَدِيثِ.» رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
عَنْ مُعَاوِيَةَ  أَنَّهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «إنَّكَ إنْ تَتَبَّعْتَ عَوْرَاتِ النَّاسِ أَفْسَدْتَهُمْ».

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», дедилар».

Ғийбатнинг зарарлари:
1. Ғийбатчи дўзахда сассиқ ва ифлос нарсаларни еб, азобланади.
2. Ғийбатчи қабрида Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлади.
3. Ғийбатчидан иймон нури ва Ислом асари кетади.
4. Ғийбат қилинган шахс кечирмагунича ғийбатчининг гуноҳи кечирилмайди.
5. Ғийбат бардавом ёмонликдир.
6. Ғийбат озор, зарар, хусумат ва нафрат сабабчисидир.
7. Ғийбатчи пасткаш шахсдир.
8. Ғийбат одамлар орасидаги муҳаббат ришталарини узувчи омилдир.
Ғийбатга рухсатли узрлар:
1. Зулм кўриш.
Зулмга учраган киши то ҳаққини олгунича золимнинг зулми ҳақида гапириш ва шикоят қилишга ҳақли.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳақ эгасининг гапи бор», деганлар.
2. Мункарни ўзгартириш ва гуноҳкорни тўғри йўлга солиш.
Хусусан, раҳбарларга гуноҳ иш қилаётганлар ҳақида хабар етказиш ғийбатга кирмайди. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ўзларига бу каби хабарлар келганда ғийбат ҳисобламаганлар.
3. Фатво сўрашда.
Бир киши муфтийнинг ҳузурига келиб: «Фалончи менга зулм қилди ёки ҳақимни бермаяпти, уни қандай қилиб олсам бўлади?» деса, ғийбат бўлмайди. Айбдорнинг номини ҳам айтиши мумкин. Аммо «Фалон ишни қилган одамнинг ҳукми нима бўлади?» қабилида ишора билан гапирилса, яна ҳам яхши бўлади.
Абу Суфён ибн Ҳарбнинг хотини Ҳинд бинти Утба эридан шикоят қилиб, уни «бахил» деб атаганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инкор қилмаганлар.
4. Мусулмонларни ёмонликдан огоҳлантириш учун.
Мусулмонларга зарар келтириши мумкин бўлган фосиқ кишилардан одамларни огоҳлантириш учун ундаги бор гапни айтиб қўйиш мумкин.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: اسْتَأْذَنَ رَجُلٌ عَلَى رَسُولِ اللهِ  فَقَالَ: «ائْذَنُوا لَهُ، بِئْسَ أَخُو الْعَشِيرَةِ أَوِ ابْنُ الْعَشِيرَةِ»، فَلَمَّا دَخَلَ أَلَانَ لَهُ الْكَلَامَ، قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، قُلْتَ الَّذِي قُلْتَ ثُمَّ أَلَنْتَ لَهُ الْكَلَامَ، قَالَ: «أَيْ عَائِشَةُ، إِنَّ شَرَّ النَّاسِ مَنْ تَرَكَهُ النَّاسُ أَوْ وَدَعَهُ النَّاسُ اتِّقَاءَ فُحْشِهِ». رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. Бас, у зот:
«Унга изн беринглар. У ўз уруғининг қандай ҳам ёмон биродари ёки уруғининг қандай ҳам ёмон ўғли», дедилар.
У кирганида эса унга мулойим гап айтдилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, айтган гапингизни айтдингиз-у, кейин унга мулойим гапирдингиз?» дедим.
«Эй Оиша! Одамларнинг ёмони одамлар унинг фаҳшидан қўрқиб, тарк қилганларидир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Уламоларимизнинг таъкидлашларича, ушбу ҳадиси шарифда номи зикр қилинмасдан, у ҳақда сўз кетаётган одамнинг исми Махрама ибн Навфал бўлган. Мазкур шахс мунофиқ ва фосиқ одамлардан бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда ўзига эшиттирмасдан, мазаммат сўзини айтганлар. Ул зот бу билан унинг ёмонлигини бошқаларга билдириб, уларнинг ундан эҳтиёт бўлишлари чорасини кўрганлар.
5. Никоҳ ва омонат қўйиш масаласида биров ҳақида маслаҳат сўралган одам маслаҳат сўровчига борини айтса, гуноҳ бўлмайди.
6. Айби лақабига айланиб қолган кишининг лақабини айтиш ҳам жоиз. Мисол учун, ўтган машҳур кишилар ичида Аъмаш шилпиқ ва Аъраж чўлоқ лақабли зотлар бўлишган.
7. Очиқ-ойдин фосиқлик қилган кишининг зикри.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ  يَقُولُ: «كُلُّ أُمَّتِي مُعَافًى إِلَّا الْمُجَاهِرِينَ، وَإِنَّ مِنَ الْمُجَاهَرَةِ أَنْ يَعْمَلَ الرَّجُلُ بِاللَّيْلِ عَمَلًا ثُمَّ يُصْبِحُ وَقَدْ سَتَرَهُ اللهُ عَلَيْهِ فَيَقُولَ: يَا فُلَانُ، عَمِلْتُ الْبَارِحَةَ كَذَا وَكَذَا، وَقَدْ بَاتَ يَسْتُرُهُ رَبُّهُ وَيُصْبِحُ يَكْشِفُ سِتْرَ اللهِ عَنْهُ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мужоҳирдан бошқа умматимнинг ҳаммаси афв қилингандир. «Мужоҳара» кишининг кечаси бир ишни қилиб, тонг отганида, Аллоҳ уни сатр қилган бўлса ҳам, «Эй Фалончи, кечаси ундоқ қилдим, бундоқ қилдим», демоғидир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди. Тонг отганида у ўзидан Аллоҳнинг сатрини очади», дедилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
«Мужоҳир» «жаҳр» сўзидан олинган бўлиб, «ошкора қилувчи» деган маънони билдиради.
Шаръий истилоҳда эса гуноҳни ошкора ва уялмасдан қилувчи одамга айтилади. Ушбу ҳадиси шарифдаги таърифга қараганда, ўзи қилган гуноҳни одамларга мақтаниб юрган одам мужоҳир ҳисобланади.
Демак, гуноҳни ошкора қилган, ўзидан содир бўлган гуноҳларини гапириб юрадиган мужоҳирларнинг гуноҳи афв бўлмас экан. Ана шундай мужоҳирларнинг айбини гапириш ғийбат ҳисобланмайди.

ҒИЙБАТНИНГ КАФФОРОТИ
Ғийбатчи бир йўла икки ҳаққа нисбатан жиноят қилади:
1. Аллоҳ таолонинг ҳаққига жиноят қилган бўлади. Чунки у Аллоҳ таоло қайтарган ишни қилди. Бунинг каффороти тавба қилиш билан бўлади.
2. Банданинг ҳаққига жиноят қилган бўлади.
Агар ғийбат банданинг ўзига етган бўлса, ғийбатчи унинг олдига бориб, кечирим сўраши ва надоматини билдириши лозим бўлади.
Уламолар: «Унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак», деганлар.
Агар гап ғийбат қилинган одамга етмаган бўлса, тавба қилган ғийбатчи унинг ҳаққига истиғфор айтади