Гипотония касаллиги

14:36 / 22.02.2019 | Мирзакаримова Маржона | 1034
Ассалому алайкум! Ёшим 21да. Аллергиям борлиги сабаб икки йилдан буён дерматологни тавсиясига кўра парҳез қиламан. Парҳездан сўнг қон босимим тушиб кетадиган бўлиб қолди. Бошим қаттик оғрийди, кўзларимни ичлари оғрийди, ўзимни ҳолсиз ҳис қиламан. Қон босимим ҳар тушганда кофе ичаман. Бундай ҳолатларга анемия ёки гиповитаминоз сабаб эмасмикан? Маслаҳат беринг
Шифокор:
Ва алайкум ассалом! Қон босимингиз одатда неча юрарди? Тушганида нечага тушди? Бу ёшдагиларда қон босимининг 100/60дан пасти гипотония деб баҳоланилиши мумкин. Гипотониянинг сабаблари кўп, сиз уни парҳезга боғлаб, адашаётган ҳам бўлишингиз эҳтимолдан йироқ эмас.
Гипотония билан кечувчи касалликлар: нейроциркулятор дистония, анемия, миокардит, аритмия, ошқозон яра касаллиги, демпинг синдром, юрак етишмовчилиги, гипотиреоз, қандли диабет асоратлари, бўйин умуртқалари остеохондрози, депрессия ва сурункали чарчаш.
Қуйидаги текширувлардан ўтинг: умумий қон таҳлили (формуласи билан), пешоб таҳлили, ЭКГ, қондаги мочевина ва креатинин, глюкоза миқдори, лозим бўлса ТТГ, Т3, Т4 гормонлари ва қалқонсимон без УЗДси, невропатолог, эндокринолог ва кардиолог консультацияси керак. Даво ташхис аниқланганидан сўнггина ўтказилиши мумкин