Ассалому алайкум! Одинахон устоза Аллох таоло илимингизни зиёда килсин. Саволим шундан иборатки кайнотам 20йил муддатга озодликдан махрум этилган эдилар мана 2йилдирги озодликга чикиб биз билан яшамокдалар турмуш ортогим отасидан ранжиган сабаби озодликка чикиш имкони болганда отаси рад этканлиги учун конгли совуб колган хозирда яхши муносабатда эмас ораларида мехр ёк. Коп тортишувлар юзага келади. Мен шу ойила аъзоси сифатида бу ходисалардан хавотирдаман ва бизларга тогри йол корсатишингизни илтимос килиб коламан тавсиянгизга жуда мухтожмиз. Жавоб учун олдиндан рахмат. Аллох рози болсин!
– Ва алайкум ассалом! Ота-она динимизда қанчалар улуғланишини ҳаммамиз биламиз. Аслида одамга яқин кишилари, яъни ота-онаси, фарзандлари, турмуш ўртоғи, дўсту-биродарлари, мансаби, бойликлари ёки пулсизлиги, соғлом ва носоғломлиги кабиларнинг барчаси синов учун берилган. Шундай экан одамга бирон мусибат, дилхираликлар етганида шунга қандай реакция қилаётганига катта эътибор қилиши зарурдир. Сизнинг турмуш ўртоғингизга ҳам отасининг бу ҳолати синовга берилган. Отаси қандай бўлишидан қатъий назар унинг хизматларини чиройли адо этиши, унга муносабатини чиройли қилиши, дуосини олиши лозим. Отаси фарз амалларни қилмайсан десагина унга итоат қилмайди, лекин бошқа ишларда унинг ҳурматини жойига қўйиши керак. Қуръони Каримда бандаларига шундай марҳамат қилади: «Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, уларга «Уфф», дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт» (23-24-оятлар).
Бу ояти каримада Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилгандан сўнг, бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.
«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди».
Бу амал бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас, балки Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланадиган кўнгилхушлик ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғи бўлиб, уни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир. Валлоҳу аълам!