Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар мен ёлғиз бир аёлман бир ўғлим бор ўғлимни туғилишидан олдин ота уйига келганман болам озроқ нозик тенгқурларидан орқада 5 ёш болди ҳалиям назоратим остида туради гапиришни энди ота ая бир икки қисқа сўзлар айтади.Кичик вазнда ўта суст бола эди суний котта қилдим айтарлик нолдан.Шу пайтгача шу бола соғ саломат юрса болди менга бошқа нарса керак эмас деб юрардим.Яқинда бир оилали инсон билан танишдим иккинчи аёл қилиб уйланиш таклифини айтди мен рози бўлмадим. Лекин бир икки суҳбат қилганим учун унга озроқ ўрганиб қолдим шекилли .Ҳозир гаплашганим ё лекин жуда юрагим сиқилип қоляпти нимагадур.Намоз ўқийман Қурʼон ўқийман ҳар куни, ҳар куни 1000 та Астағфируллоҳ айтаман бошқа зикрлар ҳам ўқийман.Ҳарда ёлғиз истиғфор айтиб Оллоҳга дуо қиламан нима сўрашга ҳам ҳайронман асосан роббана дуосини айтаман кўп йиғлаб ўзимча Оллоҳим сендаб бошқа кимга юзланаман гуногими кечир деб ҳамма гапларимни айтаман.Билмадим барбр яна қандайдир бир меҳрга муҳтождек кўнглим ҳувиллаб қолаверади.Келин қилиш таклифини айтганлар боляпти лекин мен ўғлими ҳеч кимга ишоналмиман. Шу бола учун яшайман дейману яшолмаяпман юрагим сиқилип қолаверади ҳудди бу дунёга бегонадекман.Қачон етиб оларканман жаннатларга уерга боргунча яна қанча йиғлаб яшаркинман деб сабр билан зўрға яшаб юрибман.Маслаҳат беринглар яна қайси дуоларни ўқий.Ҳаётга қизиқишим ортиши учун нима қилай
– Ва алайкум ассалом! Ҳар бир одам у хоҳ эркак бўлсин хоҳ аёл бўлсин жуфт бўлиб яшашга муҳтож. Аллоҳ бандаларини шундай яратган. Эркак киши қанчалар забардаст, кучли, бардам-бақувват бўлмасин ожиза бўлган нозиккина аёлнинг рағбатига, кийимларини ювиб тараб қўйишига, уйини озода сақлашига, тайёрлаган таомларига, унинг болаларига тарбия беришига, тунги хизматларига, нозиккина овози билан икки оғиз далда берувчи сўзларини айтишига ва ҳатто оддийгина табассумига муҳтож. Аёл киши жуда ожиза. У ҳам эркак кишининг муҳофазасига, унинг руҳан тетиклик беришига, рўзғор қилиб беришига, уй-жой билан таъминлашига ва хоказоларига ва ҳатто сукут ила бўлса ҳам бир назар қилиб қўйишига муҳтож.Ҳар иккаласи ҳам ҳаётнинг паст-баландликларига дуч келганида бир-бирига янада суянадилар ва бир-бирларига қанчалик муҳтож эканини янада ҳис этадилар. Аммо хос инсонлар ҳам борки ундай одамларга жуфтига суяниш каби ҳолатлар бегона. Чунки бундай хос инсонлар ўзининг ҳаётини илм йўлига, бирон фанни ривожлантириш йўлига, халқнинг хизматига ва бошқа улкан ишларга бағишлаган бўладилар. Шу сабаб жуфт бўлиб яшаш бу каби инсонларга қайсидир маънода малоллик келтиради. Чунки ўзини буткул илмга, фанга, халқига бахшида қилган инсон билан жуфт бўлиб ўзининг умрини жавобсиз тарзда унга бағишлаб ўтиш ниҳоятда мушкул. Шундай аёллар ҳам борки ўзининг умрини буткул фарзандларига бағишлаб бу ҳаётда тоқ ўтадилар. Чунки бу болаларга бегона ота ёки бегона она қандай муносабат қилар экан деб сизники каби қўрқувлари ғолиб келади. Ҳар ким ўз умри учун қарор қабул қилиши ўзининг қўлида. Сиз бир томондан ўзингизни ожиза аёллигингиз яъни табиатингизга хос даражада ҳис қилсангиз ва бу ҳаётда тоқ ўтишни истасангиз ҳам иккинчи томондан танангиздаги гормонларингиз ўз ишини бажариб сизни турмуш ўртоққа муҳтож эканлигингизни намоён этмоқда. Бу каби иккиланишлар сизни безовта қилиб қийинчиликка солмаслиги учун албатта бир қарорга келишингиз керак. Масалан агар сиз ўз ҳаётингизни фарзандингиз учун бағишламоқчи бўлсангиз у ҳолда эркак зоти ҳақидаги ўй-ҳаёллардан эҳтиёт бўлиб, улар билан умуман суҳбатлашмаслигингиз керак. Яъни дилдан суҳбатни назарда тутаяпман. Қарорингиз жуда қатъий бўлиши шарт. Агар сиз турмушга чиқишингиз сиз ва фарзандингиз учун яхши бўлиши мумкин деган эҳтимолда бўлсангиз у ҳолда “ўзимни фарзандимга бағишладим ва бағишлайман” деган гапни ҳеч қачон гапирмаслигингиз керак. Чунки сизнинг ички органларингизнинг фаолияти, гормонларингизнинг фаолияти, мияга келаётган ўй-фикрларингизнинг натижалари, ҳатто қалбингизнинг ҳолати ҳам ниятингизга яраша бўлади. Сиз нима хоҳлаётганингизни яхшилаб ажратиб тушуниб олишингиз учун психолог қабулига борганингиз яхши. Аксарият ҳолларда одам бир нарсани ният қилади, аммо ўзи шунга тайёр бўлмайди. Шундай фарқликлар борлигини айнан психолог қабулида тушуниб олиши онсон. Агар психолог ҳақиқий мутаҳассис бўлса сиз учун қайси йўл яхшироқ эканини қабул вақтида аниқлик киритишга ёрдам беради. Яъни танловингиз ўзингизнинг қўлингизда бўлади, психолог танловингизни аниқлашда ёрдам беради. Табиийки амалларингиз ҳам шунга яраша бўлиши керак ва бу масъулиятни ўз зиммангизда эканини тушунишингиз керак. Валлоҳу аълам!