– Ва алайкум ассалом!
Аврат масаласи
Энди «Мухтасар» соҳиби мазкур шартлардан баъзиларига оид тафсилотларни келтиришни бошлайди.
Дастлаб аврат ҳақидаги иборалар келади.
Энди авратга оид матнларни шарҳлашга ўтайлик.
Эркак кишининг аврати киндиги остидан то икки тиззасининг остигачадир.
Бу ҳукмнинг далили қуйидагилар:
رَوَى الدَّارَقُطْنِيُّ مِنْ حَدِيثِ أَبِي أَيُّوبَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «مَا فَوْقَ الرُّكْبَتَيْنِ مِنَ الْعَوْرَةِ، وَمَا أَسْفَلَ مِنَ السُّرَّةِ مِنَ الْعَوْرَةِ».
Имом Дора Қутний Абу Айюб розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки тиззадан юқори нарса авратдандир. Киндикдан пастдаги нарса авратдандир», деганлар.
رَوَى الدَّارَقُطْنِيُّ عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «مُرُوا صِبْيَانَكُمْ بِالصَّلَاةِ فِي سَبْعِ سِنِينَ، وَاضْرِبُوهُمْ عَلَيْهَا فِي عَشْرِ سِنِينَ، وَفَرِّقُوا بَيْنَهُمْ فِي الْمَضَاجِعِ، وَإِذَا زَوَّجَ أَحَدُكُمْ أَمَتَهُ عَبْدَهُ أَوْ أَجِيرَهُ فَلَا يَنْظُرُ مَا دُونَ السُّرَّةِ وَفَوْقَ الرُّكْبَةِ، فَإِنَّ مَا تَحْتَ السُّرَّةِ إِلَى الرُّكْبَةِ مِنَ الْعَوْرَةِ».
Имом Дора Қутний Амр ибн Шуъайбдан, у киши отасидан, у киши бобосидан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ёш болаларингизни етти ёшликларида намоз ўқишга амр қилинглар. Ўн ёшга етганларида унинг учун уринглар ва ётар жойларини алоҳида қилинглар. Қачон бирингиз ўз чўрисини қулига ёки мардикорига никоҳлаб берса, унинг киндигидан пастига ва тиззасидан юқорисига назар солмасин. Чунки киндикдан пасти ва тиззадан юқориси авратдандир», деганлар.
Чўриники ўша билан бирга елка тарафи ва қорни ҳамдир.
Баъзи уламолар: «Икки биқини ҳам аврат», деганлар. Бу ўша қул ва чўрилар бор вақтнинг тақозоси ила бўлгандир. У вақтларда чўриларнинг ҳоли бошқача бўлган.
Ҳур аёлнинг жамики бадани авратдир. Юз, икки қўл ва оёқ бундан мустасно.
Бу ҳукмнинг далиллари:
Аллоҳ таоло Нур сурасида:
«Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, зоҳир бўлгани мустасно. Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар», деган (31-оят).
«Зоҳир бўлган зийнатлар» деганда намозда юз, икки қадам ва икки кафт англанади. Намоздан ташқарида икки қадам ҳам авратдир.
«Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар».
Яъни бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўкслари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ أَسْمَاءَ بِنْتَ أَبِي بَكْرٍ دَخَلَتْ عَلَى رَسُولِ اللهِ r وَعَلَيْهَا ثِيَابٌ رِقَاقٌ، فَأَعْرَضَ عَنْهَا رَسُولُ اللهِ r وَقَالَ: «يَا أَسْمَاءُ، إِنَّ الْمَرْأَةَ إِذَا بَلَغَتِ الْمَحِيضَ لَمْ تَصْلُحْ أَنْ يُرَى مِنْهَا إِلَّا هَذَا وَهَذَا»، وَأَشَارَ إِلَى وَجْهِهِ وَكَفَّيْهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Асмо бинти Абу Бакр юпқа кийим билан кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгириб олдилар ва:
«Эй Асмо, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Ибн Жарир Тобарий ўз тафсирларида Оиша онамиздан келтирган ривоятда у киши айтадилар:
«Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгирдилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз», дедим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл киши балоғатга етганидан кейин ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас», деб ўз билакларини тутумлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутумча жой қолди».
Валлоҳу аълам!