Уйқу

09:20 / 18.09.2022 | Nasiba | 373

Ассалому алайкум! Ёшим 25 да. Икки ёшли ўғлим бор. Суткалик нормал уйқу қониқтирмайди, режалаштирган ишларимга ёлчиб, "иштаха" билан қилолмайдиган бўлиб боряпман. Эрталаб тиниқиб турганим тақдирда 4-5 соатдан кейин яна уйқу босади, ухлаб олмасам, қўл-оёғим бошашиб, асабларим таранглашяпти, хулқим бузуқлашади. Кечаси уйқуга тўлмаган, нагрузка билан ўтқазган кунимнинг эртаси иш қобилиятим жуда пасайиб кетади: меҳмон кутиш, хоҳ уйда, хоҳ кўчада байрам нишонлаш бўлсин хурсандчиликда ўтқазишни чин дилдан хоҳласамда, ъъҳозир уйқусирашим панд бермасайдиъъ деган ҳаёл миямда айланаверади, шундай бўлиб туради ҳам. Китоб ўқимайдиган бўлдим, чунки ўқиш ўйқумни чақиради. Янги келинлик пайтларим дарсларда, хатто имтихон пайти уҳлаб қолган пайтларим бўлган, мен янги оилага кўниккунча шундай бўлади деб ўйлардим. Лекин ўлим ёнгинамга келган пайт — болам туғилиш арафасида, тўлғоқ азоби пайти уйқуга кетишим мени халигача ажаблантиради, ғамга босади. Азалдан қўл-оёғим совуқ бўларди, уйдан чиқмаяпганимгами қалин кийинсам ҳам совийдиган бўлиб қолдим. Пулсим, қон босимим жойида, ўйнамайди, гемоглабиним ҳам 100 дан ошиқ чиққанди, иштаҳам яхши, хар куни бир ҳил овқат емайман. Озғинман, буни лекин наслдан деб ўйлайман. Хаво совуқ, зах кунлари жуда пассивлашиб кетаман.. Кунлик режа тузаман, лекин охирига етолмайман. Гапларим кимгадир кулгили туюлиши мумкин, балким арзимаган нарсадир: Аллох берган қобилиятларим чегарасидир. Лекин буни аниқлаштирмасам бўлмаяпти, гулдай оиламдан айрилиб қолай деяпман. Илтимос ёрдам беринг, Аллох икки дунё саодатини берсин, илмингиз манфаатли бўлсин, олдиндан рахмат!

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Аксарият аёллар келин бўлганидан кейин сизники каби ҳолатга тушадилар. Бундан қўрқмаслик керак, балки бу ҳолатнинг сабабларини яхшилаб тушуниб олиб олдини олиш керак. Сизнинг бундай ҳолатга тушишингизнинг бир қанча сабаблари бор. 1) Уйқунинг етарлик даражада эмаслиги. Баъзи бир одамлар кам уйқулик бўлса ҳам бардам бақувват юриши мумкин бўлса яна бошқа баъзи одамларга 7-9 соатлик уйқу зарур. Аксарият ҳолларда кеч ухлаш ва вақтлик уйғониш кундузи ҳам сурункали даражада уйқусираб юришга олиб келади. Бундай ҳолат такрор-такрор бўлаверса одамнинг мияси иш фаолияти бузилишига, қандли диабет шаклланишига, юрак-қон-томр касалликларига ҳатто тафаккур ва руҳий бузилишига ҳам олиб келиши мумкин. Уйқуни сифатлик қилиб турувчи мелатонин гормонидир ва бу гормон фақатгина қоронғу хонада ухлаганда организмда пайдо бўлади. Телевизор ёқиб ётиш, телефонга қараб ётиш батамомо мумкин бўлмаган ишдир. Бу гормон етишмас экан демак шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда уни дори сифатида ухлаш олдидан ичиш керак.Ҳамда шифокорнинг маслаҳатига биноан светотерапия ва хронотерапия каби муолажаларни қўллаш зарурдир.  2). Уйқусизликдан қийналадиган одамларнинг аксарияти ўтириб иш қиладиган одамлардир. Шунинг учун жисмоний машқларни бажариш ёки кўпроқ пиёда юриш зарур. 3) Ҳаддан зиёд кўп меҳнат қилиш ёки жисмоний машқларни кўп бажариб юбориш. Одам ҳар ишда ўрта меёрини ҳис этиши зарур. 4) Уйқунинг циркад фазасида муаммо бўлиши. Яъни бу ҳолат жуда кеч ухлаганда, қуёш нурига кам чиққанида, кўп саёҳат қилиши сабабидан турмуш тарзи бузилганида содир бўлади. Бу ҳолатда ҳам шифокорга мурожаат этиш зарур. 5) Тез хазм бўлувчи углеводларни кўп тановул қилиш. Яъни тез хазм бўлмайдиган углеводларга эътиборни қаратиш керак. Яъни тўғри ва балансланган овқатланиш зарур. Аксарият ҳолатларда оғир овқатларни, гўштлик овқатларни кечқурун тановул қилинади. Бу эса мелатонин уйқу гормонини пайдо бўлишига тўсқинлик қилади. Ёки кўпинча одамлар кун давомида ва айниқса кечқурун аччиқ чой, кофе, ширинликлар, зираворлар солинган овқат ва корица солинган ширинликлар истеъмол қилади. Мана буларнинг ҳаммаси уйқунинг бузилишига олиб келади.  Бу ҳолатни ҳам диетолог мутаҳассиси билан ҳал қилиб олиш зарур. 6) Темир моддасининг етишмаслиги (гемоглабин пасайиши), витаминлардан В1, В2, В3, В5, В6, В9, В8, В12, витамин Д, витамин С ва баъзи минераллар етишмовчилиги. Албатта муаҳассис шифокори билан қон таҳлиллларини текшириш зарур. 7) Сурункали чарчоқ синдроми. (СХУ – синдром хронической усталости). Яъни бу ҳолатни албатта кучли мутаҳассис шифокор аниқлаши мумкин. Ер юзидаги аҳолининг 3% шу касалликка чалинган экан. Аммо кўпинча бу касалликни депрессия, сурункали оғриқ синдроми, фибромиалгия касалликлари билан адаштиришар экан. Бу касалликнинг келиб чиқиш сабаби ҳали хануз охиригача ўрганилиб чиқилмаган бўлиб, кўпинча шифокорлар иммун ва адреналин тизими ўзгариши сабабидан, нотўғри овқатланиш, нотўғри ва сифатсиз ухлаш сабабидан дейишади ва баъзилари психологик шикастланиш сабабидан дейишади  ёки инфекцион касаллик сабабидан деб айтишади. Бу касаллик тўсатдан пайдо бўлади.

      Юқоридаги сабабларга яна психологик ўзгаришлар, психик ўзгаришлар, эндокрин ўзгаришлар, касалликлар, қонда шакар моддасининг кўпайиши кабилар ҳам киради. Шунинг учун невропатолог, невролог, психотерапевт, терапевт, эндокринолог шифокорлари қабулига бориш зарурдир.                                                                                                                                                 Психолог Мадина Джураева : Аёл кишининг уйқуга кетиш вақти бўлиб, 22:00 га қадар у қаттиқ уйқуда бўлиш лозим. Аёллар эмоционал бўлгани боис, уларнинг организмидаги гармонлар нормал ҳолатда ишлаб туриши керак. Айни шу вақт нега муҳим , чунки, бу вақтда аёлнинг миясидаги гармонлар актив ишлаб чиқилади.  Уйқу соғлом ҳолатда бўлмаса, кортизол гармони ошиб кетиши мумкин.  Демак, биринчи уйқунинг вақтига эътибор беришингиз керак бўлса, кейин индокринолог ва психотерапевтга мурожаат қилинг. Бу мутахассислар сиздаги муаммонинг сабабини аниқлашади. Бу ҳолат қалқонсимон бези ва  гармонлар  билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Гармонлар фаолияти яхши бўлмаса, инсонда  тушкунлик, ҳаётидан қониқмаслик, доимий чарчоқ, ҳаётдан завқ ололмаслик юзага келади. Албатта бу муаммолар шифокор кўмагида аниқланиб, керакли муолажа асосида бартараф этилади. Овқатланишда ҳам соғлом турмуш тарзига риоя этинг. Кўпроқ салатлар, кунлик 2 литр сув, дуккакли маҳсулотлардан таомларни таомномангизга киритинг. Сизга яна бир тавсия эрта тонгда қуёш чиқадиган вақтда тоза ҳаводан тўйиб – тўйиб нафас олинг, қуёшнинг чиқишини кузатинг ва бу манзарадан роҳат олинг. Аёл кишининг кун давомида энергияга бой бўлиб юришида бу жуда муҳим. Бу амал суннат  амаллардан бўлиб, медицина томонидан ҳам инсоннинг шу вақт тўйиб нафас олиши, қўёшнинг чиқишида баҳра олиши кун давомида унга қувват ва тетиклик бериши исботланган. Ҳаётингизда завқ оладиган жиҳатларни ҳосил қилинг, неъматларни ҳис этиш учун иймонга куч беринг. Инсонга Аллоҳ таоло томонидан барча неъматлар ато этилган, уларни ҳис этиш ва кўра олиш албатта ўз қарашларитмизга ҳам боғлиқ. Бир техникани тавсия этаман, қоғоз ва ручка олиб сизга Аллоҳ томонидан берилган моддий ва номоддий неъматларни ёзиб чиқинг, бу рўйхатни 150 тага етказинг. Ишонинг бу машқни бажарар экансиз, ҳаётингизда мамнунлик бўлиши учун, қувват олишингиз учун қанча сабаблар борлигини англатади. Энг муҳими истиғфор ва зикрда бардавом бўлинг. Банда қанча кўп Роббисини эсласа, унга ибодат қилса, Роҳман ва Роҳийм бўлган зот Аллоҳ таоло ҳам бандасини ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Валлоҳу аълам.