Ассалому алайкум! Омма орасида Аллоҳ таолони Чевар Зот деб сифатлаш одатга айланган. Бундай сифатлашнинг зарари йўқми? Менинг тушунчамда Аллоҳ таолонинг исм-сифатлари мукаммал бўлиб, чевар дейилган нисбатни Роббимиз учун номуносибдек кўраман
Ва алайкум ассалом! Бу гап қуйидаги маънода гапирилади ва бунинг зарари йўқ:
«…ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир» (Фотир сураси, 2-оят).
Яъни, нарсаларни шунчаки яратиб қўймай, аниқ ўлчов билан ўлчаб, шаклини, ҳажмини, замони ва макони, бошқа нарсалар билан бўладиган муносабату алоқаларини ҳам очиқ-ойдин, аниқ қилиб яратган.
Турли илмий кашфиётлардан кейин худди шу охирги сифат ҳақида фикр-мулоҳазалар, маълумотлар кўпайди. Авваллари бу оятни ўқиган ёки эшитган одам Аллоҳ ҳамма нарсани ўлчов билан яратган экан, деган содда тушунча билан кифояланиб қолган. Ҳозирда эса ўша аниқ ўлчов ила яратиш нима ва қандай экани хусусида аниқ илмий маълумотлар пайдо бўлди. Мазкур маълумотлар турли йўллар билан одамларга етказилмоқда. Аммо кўпчилик дунёдаги нарсаларнинг яратилишидаги бу мўъжизавий дақиқликларга эътиборсизлик билан қарайди. Аслида, биттасигагина ибрат кўзи билан қараган заррача ақли бор одам иймонга келиши керак.
Мисол учун ҳавони олайлик. Уламоларнинг айтишларича, ҳавонинг 21 фоизини кислород ташкил қилар экан. Нима учун ундан ортиқ ёки кам эмас? Ким ҳавони бу аниқ ўлчов ила ўлчаб яратди? Агар мазкур ўлчов бузилса, нима бўлади? Олимларнинг таъкидлашларича, агар ҳавода кислороднинг миқдори 21 фоиздан кўпайиб кетса, ердаги жуда кўп нарса куйиб кетар экан.
Еру осмон, тоғу тош, уммону қитъаларни бир ёққа қўйиб, ҳашарот ёки микроблар каби энг кичик нарсаларни олсак ҳам, уларнинг инсон ақли лол қоладиган даражада аниқ ўлчов билан яратилганини кўрамиз. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг Холиқлиги, тадбиркорлиги ва улуғлиги белгисидир. Одамлар ўша нарсаларни кўрганларида уларни аниқ ўлчов ила яратган Зотга иймон келтиришлари, фақат Унгагина ибодат қилишлари лозим. (Тафсири Ҳилол.)