Ассалому алайкум хурматли устоза. Бу саволим беришим ўзи менимча ноўрин ҳам уятли лекин ечим топмасам булмаябди. Саволим шундаки, уйдагиларим яъни ота онам билан келишолмаябман. Мен оилада катта фарзандман, яқинда синглим грант асосида талаба булди. Мен ҳам талабаман лекин чет институтида 2 йил онлине ҳамда контракт асосида ўқидим ва шу йил имтихонларимдан ўтиб ўқишимни Ўзбекистонга кучирябман. Лекин уйдагиларим мен билан қизиқиши ҳам эътибори ҳам йўқ фақат синглим билан овора мени тушунишмайди ҳам 2 йил контрак тўладик деб фақат юзимга солишади. Унга сарфланган пул ҳисоб эмас меники эса фақат ҳисобланиб гап бўлиб ишлатилади. Мен гапим маъноси пул ёки нарсада эмас лекин уларни менга қизиқиши эътибори йўқлиги шу кунларда жудаям сезилябди. Онам билан шу гап устида тортишиб қолувдик лекин яна тушунмай менга гапирмайбдилар ҳам. Нима қилишни ҳам билмаябман, ҳам улардан ҳам ўзимдан хафа булябман. Намозларимда худойимдан мени ҳам тушунишлари хатоларим бўлса кечиришларини сўраябман. Лекин нима қилишимни мен уларни тушунмаябманми ёки улар мени билмаябман. Илтимос, устоз маслаҳат бериб юборинг. Олдиндан катта раҳмат.
– Ва алайкум ассалом! Сизга “Исро” сурасидан баъзи ояти карималарни иқтибос қиламан. 23. Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!
Олдинги оятда Аллоҳга ширк келтиришдан қайтарилган бўлса, бу оятда ягона маъбудга – Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилмоқда. Ундан сўнг, бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.
«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди».
Бу Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир; бу бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланадиган кўнгил хоҳиши ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғидир. Бу буйруқни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир.
Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга чақирган амрдан кейин, шу жумланинг давомида ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятдаги бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.
«Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема».
Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси – «Ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма», дегани бўлса, иккинчи маъноси – «Ота-онанг олдида «Уфф», дема, улар «Болам оғир ҳолга тушибди», деб озорланадилар» деганидир.
«...уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!»
Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр!
24. Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», – деб айт.
Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У бутун меҳрини хокисорлик ила ота-онасига пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб, дуо қилиб туриши лозим.
Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар ва ҳадислар бу борада дунё тарихида мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар экани маълум ва машҳурдир. Хусусан, бу оят ва ҳадисларни, илоҳий кўрсатмалар ва исломий ҳикматларни ҳаётга татбиқ қилган мусулмонларнинг ота-оналарига кўрсатган юксак эҳтиромлари ва фидойиликларига тарих шоҳиддир.
Ҳофиз Абу Бакр Баззор Бурайда розияллоҳу анҳудан, у киши ўз оталаридан қилган ривоятда қуйидагилар келтирилади:
«Бир одам зиёратда онасини кўтариб юриб, тавоф қилдираётган экан. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
– Онамнинг ҳаққини адо қилдимми? – деб сўрабди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Йўқ, бир оҳ тортишининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ, – деган эканлар». 14. Инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йилдадир. Менга ва ота-онангга шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир.
Қуръони Каримда фарзандларга ота-онани ҳурмат қилиш, уларни эъзозлаш ҳақида қайта-қайта насиҳат қилинади. Чунки Ислом ота-онанинг ҳаққини юқори қўяди. Бу мавзудаги оятлар ўрни билан ўрганилди ва яна ўрганилади. Ушбу оятда эса ота-онани ҳурмат қилиш ҳар бир фарзанд учун Аллоҳнинг амри экани баён этилмоқда.
«Инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик...»
Тавсия, кўпчилик тушунганидек, ихтиёрий иш эмас. Балки Аллоҳнинг амридир. Ўша амр нимадан иборат эканини айтишдан олдин ота-онани ҳурмат қилишнинг сабаби айтиб ўтилади.
«…онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди».
Яъни ҳомиладорлик пайтида онаси уни қорнида заифҳол бўлиб кўтаради. Борган сари заифлик устига заифлик ортиб боради. Бу ҳол бола туғилгунича давом этади.
«Уни сутдан ажратиш икки йилдадир».
Яъни қорнида заифлик устига заифлик билан кўтарган она боласини кейин яна икки йил давомида эмизади.
Уламоларимиз шаръий эмизиш муддати икки йил экани ҳақидаги ҳукмни шу жумладан олганлар. Бола икки ёшга етгунича ўз онасидан бошқа бирорта аёлни эмса, сут орқали насаб собит бўлади. Ҳамда ўша эмизишга боғлиқ ҳукмлар жорий қилинади. Мисол учун, уни эмизган аёл унга сут она, унинг эри ота, болалари ака-ука, опа-сингил бўладилар. Маҳрамлик ва никоҳ масалаларидаги ҳукмлар ҳам шунга мувофиқ кучга киради.
Хуллас, она ҳам ҳомиладорлик даврида, ҳам эмизиш даврида бола туфайли катта қийинчиликларни бошидан ўтказади. Шунинг учун ҳам фарзандда онанинг ҳаққи отаникидан кўп бўлади.
Оятнинг давомида тавсиянинг нимадан иборат экани айтилади:
«Менга ва ота-онангга шукр қилгин».
Эй инсон фарзанди, аввало, Менга – яратган Роббингга, кейин ота-онангга – сенинг дунёга келишингга сабаб бўлган зотларга шукр қилгин. Бу ишлар сенинг энг олий бурчингдир.
«Ва қайтиш фақат Менгадир».
Билиб қўй, ана ўша қайтиш воқеъ бўлганида, бу ҳақда Ўзим ҳисоб-китоб қиламан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бола ота-онасига ҳар қанча яхшилик қилса ҳам, уларнинг яхшилигини қайтара олмайди».
Мана кўриб турибсизки ота-онангиз ҳар қанча яхши инсон бўлишмаса ҳам Аллоҳ сизга уларни ота-она қилиб танлаб қўйгани учун уларга итоат қилиб улар учун ғамхўрлик қилиш зарур экан ва юқоридаги ояти карималардан ҳам маълумки ота-она нима қилишларидан қатъий назар уларнинг ҳурматини қилиш Аллоҳнинг буйруғи экан. Сиз бу ҳолатингизни ўзгартиришингиз учун эътиқоди тўғри бўлган психолог қабулига борганингиз маъқул. Психолог билан қилинадиган баъзи муолажалардан сўнг ота-онангизга бўлган дунёқарашингизни ўзгартирасиз иншааллоҳ.Валлоҳу аълам!