Ассалому алайкум! 1-синфда ўқийдиган 7 ярим ёшлик ўғлимнинг тарбиясига қийналмоқдамиз. Катталарнинг айтганига қулоқ солмайди, қўрқиш йўқ умуман катталардан. Беркитиб телефонда ўйинларни ўйнайди. Жазолаб, телевизор ҳам кўрмайсан энди, деб 1-2 кун кўтсатмаймиз. Кўчага чиққанда узоққа кетма, деса, узоқларга кетиб қолади. Ёлғонни оддий гапдек гапириб ўтиради. Яхши гапириб ҳам, уриб ҳам гаплашиб кўрдик, ўзгариш йўқ. Эсимдан чиқиб қолади, дейди гапирган гапларимизни, еган калтакларини. Мактабда, устози айтишича, ҳожатга деб чиқиб кетиб, мактабларни айланиб чиқаркан, кейин қидириб юришаркан. Ҳафтада 2-3 марта кечаси сийиб қўйишлари ҳам бор. Илтимос, ўйинга берилиб, катталарнинг гапини унутадиган бола билан қай тарзда гаплашиш мумкинлиги ҳақида маълумот берсангиз
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Аслида фарзандингиз нормал ҳолатда, фақат бироз гиперактив. Бундай болаларнинг тарбиясига бироз бошқачароқ ёндашиш керак. Афсуски, болани уриб, уришиб, тарбиясини ўзингиз бузиб, баттар чигаллаштирибсиз. Энди уни болалар психологига олиб бориб, ичидаги сиз томондан сингдирилган аламларни йўқ қилиш керак. Кўпроқ расм чиздиринг. Гиперактив болаларга ширинликлар мутлақо берилиши мукин эмас, албатта, табиийларидан ташқари (мева, қуритилган мева, шакари жуда кам солинган уйда пиширилган ширинликлар), уйқудан икки соат олдин телевизор кўрсатиб бўлмайди. Бундай болаларнинг вақтини мумкин қадар бекор қўймаслик, кўпроқ спорт тўгараклари билан машғул қилингани дуруст. Ўта сабрлилик билан муносабат қуриш керак, зинҳор уриб, бақириб, уришиб бўлмайди. Чунки қўрққанидан ҳам ёлғон гапиради. Ҳар нарсани ётиғи билан, охисталик билан, сабабларини айтиб тушунтириш керак. Энурез ҳолати ҳам боланинг стрессда эканидан далолатдир. Меҳр бериб, унга кўпроқ вақт ажратиш керак бўлади. Валлоҳу аълам