Қўрқув

17:24 / 25.04.2019 | Тошматова Холида | 857
Ассалому алайкум! Илмларингизни Аллоҳ зиёда қилсин. Ёшим 38 да. Икки-уч йилдан бери тумандан, қорунғуликдан ва ёшлигимдан илондан қаттиқ қўрқаман. Илонни расмда кўриб қолсам ёки номини эшитиб қолсам, ухлай олмайман, худди ёстиғим остидан илон чиқаётганга ўхшайди. Туман тушса, ёруғлик қидираман, ҳаво етмаётганга ўхшайди, тунда чироқни ўчириб ухлай олмайман, агар чироқ ўчиб қолса, қўрқиб уйғониб кетаман, бу нимадан? Олти йил олдин қаттиқ стрессга тушганман, шундан буён хотиржам эмасман, кўп касал бўламан, тушкунликка кўп тушаман, нима қилай, маслаҳат беринг?! Жавоб учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин!
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Иложини топсангиз, психотерапевтга бориб, онг остидаги бу фобияларни у билан бирга енгиб чиқиш керак бўлади. Ҳозирча эса цинк моддаси бор бўлган таомларни тез-тез истеъмол қилиб туринг (ер ёнғоқ, гўшт, дуккаклилар, тухум, пишлоқ, гречка каби). Дам олиш вақтингизни режалаштиринг. Ўзингизнинг қўрқувларингизни кўз олдингизга келтириб, хаёлан уларни ривожлантиринг. Албатта, уйда бўлган, эркин бўлган ҳолатингизда туман ичида эканингизни, атрофингизда илонлар борлигини ва ҳоказоларни тасаввур қилинг. Тасаввурингиз қай даражагача олиб борар экан, кузатинг. Бу вақтда булар фақатгина тасаввурингиз эканини ва уйингизда хавф-хатардан холи эканингизни унутманг. Охир-оқибат онг ости бу тасаввурдаги қўрқинчли нарсалар бор-йўғи бир афсона бўлиб, тутуриқсиз қўрқувлар эканини англайди. Тонгда жисмоний тарбия билан шуғулланишни унутманг. Вақтида уйқу, вақтида овқатланишга эътибор қилинг. Кўзингизни, қулоғингизни ва тилингизни ёмон воқеалардан, хунук хабарлардан эҳтиёт қилинг. Валлоҳу аълам