Қандай йўл тутай?

08:37 / 12.05.2019 | Nuriya | 833
Ассалому алайкум! Аллоҳга шукр, менинг қайнонам жудаям яхши аёллар, кўз тегмасин. Жудаям меҳрибон, юмшоқ кўнгиллилар. Лекин ўқитувчи бўлганлари сабаблими, бирор мавзуда гап очиб қолсалар, атрофлича қилиб гапирадилар, 1 соат, 1,5 соат ҳам етмайди. Албатта, мен бундан зерикмайман, аммо орада ғийбат ёки беҳуда, фойдасиз гаплар бўлиб қолиши бор. Вақтимга ачиниб кетаман, ишларим ҳам қолиб кетади, айниқса, режадагиларим Шунча вақтим китоб ўқишга кетса эди, деб сиқиламан. Шунақа бўладики, бирор нимани баҳона қилиб чиқиб кетолмайман ёки тушлик, нонуштадан кейин ўтириб қоламан, турганимда миям ғовлаб, бутун энергиям тугаган бўлади-да. Шундай вазиятда бу ҳолатдан чиқиш ёки ҳеч бўлмаса, унумли фойдаланиш учун нима қилсам бўлади? Ичимда зикр қилиб турсам, гапларига бепарволик қилаётганимни сезиб қоладилар баъзан
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Тушликдан сўнг қайнонангизга “Дастурхонга дуо қилиб беринг, мен идишларни ювиб олай”, деб баҳона қилиб чиқиб кетаверинг. Уддалай ололмасангиз, ичингизда зикр қилиб ўтиришга ҳаракат қилинг, қайнонангизга билдирмаган ҳолда, агар ғийбатларга ўтиб кетилса. Лекин сиз учун нохуш бўлаётган бу ишларнинг содир бўлиши ҳам бекорга эмас. Ич-ичингиздан бу воқеаларга қаршилик кучли, сизнинг бутун эс-ҳушингиз шу ишларга ҳаддан зиёд берилган, шу сабаб бу воқеалар кетма-кет содир бўлаверади. Ўзингизни бўш қўйинг, тасаввур қилинг, шу суҳбатлардан ўзингизга бирон ҳикмат топа оларсиз балки. Хаёлан кўз олдингизга қайнонангиз сизга ҳикматли гапларни, ҳадис ва ривоятларни гапириб бераётганларини келтиринг. Иншааллоҳ, шундай бўлиб қолар ҳам. Шуни билишимиз керакки, ҳеч бир воқеа ҳаётимизда бекордан-бекорга содир бўлмайди. Қайнонангиз сиз билан суҳбат қилиб ўтиришни исташининг аслида сизга ҳикмати бор. Шу суҳбатлар орқали қайнонангиз ичидагиларни тўкиб солгани сизга меҳри тушаётганидан далолатдир. Индамай, ичимдагини топ, деб юрса, ундан баттар ёмони йўқ. Хаёлингизни тозалаб, ҳар ишда ҳикмат қидирсангиз яхшироқдир. Валлоҳу аълам