Ассалому алайкум! Умримда илк бор руҳшуносга мурожаат қилишим. Ёшим 54 да. Эрим билан муносабатимизда озроқ тушунмовчилик бор. Ўзим 5 вақт намоз ўқийман. Қуръонни тиловат қиламан. Мадрасада устозлардан таълим олганман. Эрим бир неча йил олдин Россияга кетиб, ишлаб келганлар. Ўшанда менга хиёнат қилганликларини ўзлари айтганлар, бир қанча вақт орага совуқчилик тушган эди. Ҳозирда уйда қорамол олиб сотадилар. Баъзан телефонда яширинча смс ёки қўнғироқлар бўлиб туради, ниманидир сезгандайман, лекин исботим йўқ. Ҳеч қачон телефонларини ташлаб чиқмайдилар, доим чўнтакдан тушмайди. Кечқурун ётганда овозсиз қилиб ухлайдилар. Ишқилиб, кўнглимда доим ғашлик, нимадир бўлаётганини сезяпман. Энди менга бу ёшда шунақанги ўйлов-фикрлар керак эмас. Нима қилсам, қутуламан бундай фикрлардан? Ҳар куни Қуръон ўқиб, Аллоҳдан сўрайман. Агар ёмон гумон қилаётган бўлсам, кечир, дейман. Ёмон гумон гуноҳ эканини биламан. Сиз нима дейсиз? Айбга буюрманг! Чунки эрим билан бир-биримизга кўнгил қўйиб турмуш қурганмиз. Аввалги меҳр-оқибатдан асар ҳам йўқ. Қариганимизда бир-биримизга суяниб, меҳрибон бўлиб яшасак, деб ҳавас қиламан. Намоз ўқинг, жумага чиқинг, десам, фақат баҳона қиладилар. “Мен ишламасам, қандай рўзғор ўтади?! Ҳали ўқийман!” деб орқага сурадилар. Энди мен ҳам совиб бўлганман. Ёшликдаги эрим йўқ! Бирор маслаҳат бера оласизми ёки қариганда бу кампирга меҳр нимага керак, деб ўйлайсизми? Жавобингизни тезроқ кутаман
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Инсон неча ёшда бўлишидан қатъий назар, етмиш ёшда бўладими, йигирма ёшдами, хоҳ аёл киши бўлсин, хоҳ эркак киши, унга доим жуфти ҳалол, суянчиқ дўст, меҳрибон инсон бўлишини истайди. Сиздаги ҳолат нормал ҳолат. Сиз ҳам ўзингизга суянчиқ инсонингиз, меҳрибонингиз бўлишини исташингиз табиий ҳол. Фақат турмуш ўртоғингизга ҳаддан зиёд яқин бўлиб, ундан кўп нарсани талаб этишингиз ораларингда совуқчилик кўпайишига сабаб бўляпти, назаримда. Эс-ҳушингиз турмуш ўртоғингизда бўлиб, унга нисбатан ёмон гумонда бўлишингиз яхши эмас. Энг аввал хотиржам бўлиб олинг. Уни қилинг, буни қилинг, деб дилини хуноб қилманг. Бунинг ўрнига турмуш ўртоғингизга унинг қайси яхши томонлари учун миннатдорсиз, ана шуларни гапиринг. Сиз ва болаларингиз учун астойдил меҳнат қилиб, рўзғор тебратяпти. Бу осон иш эмас. Шуларнинг ўзи сизга ва оилангизга бўлган меҳрининг исботи эмасми? Гумон қилганингиз сари сиздан узоқлашаверади. Чунки ўша пайтда сиздан ўзингиздан итарувчи энергия чиқиб, орангизга совуқчилик ўралайди. Мақтаб турсангиз, нур устига аъло нур. Ўзингизнинг хотиржам бўлишингизни таъминланг, хаёлингизни тозаланг, ғуборларингиздан холи бўлишга ҳаракат қилинг. Ҳатто хаёлингизда ҳам турмуш ўртоғингизни ўзингизга ўзингиз мақтаб, миннатдор бўлиб туринг. Эътиборингизни яна бир бор бошқачароқ қилиб қаратинг. Офият сўраб дуода бўлинг. Валлоҳу аълам