Онасини норози қилган эрдан ажрашайми?

12:58 / 26.05.2019 | alhamdulillah | 710
Ассалому алайкум! Ассалому алайкум, ҳурматли устоз опалар! Саволим ўринлими ёки йўқми, билмадим. Эрим билан қайнонам қаттиқ уришиб қолишган, 2 йилдан бери гаплашишмайди. Лекин турмуш ўртоғим дадасини жуда ҳурмат қилади. Қайнонам эримни жудаям ёмон кўради. Менга ҳам бирга ўтирган вақтимизда ўғлини кўп ёмонлайди. "Бирга яшасангиз, ҳали сизнинг бошингизга ҳам ёмон кунларни кўп солади, болаларингиз ёш вақтида ажрашинг. У билан сизларнинг келажакларингиз йўқ, чунки онани норози қилди. Мен ундан қаттиқ норизоман!" дейди. Мен ҳам билиб-билмай бу гапларга кириб, эримдан кўнглим қолаверди, ҳатто ажрашсаммикан, деб ўйлаб қолдим. Кейин Аллоҳга таваккал, дедим. Намозларимда тинмай икки дунё саодатини сўрайман. Турмуш ўртоғим менга ёмон муносабатда эмас. Болаларини, мени, дадасини яхши кўради. Яна ўйлаб қоламан: “Онани норизо қилган фарзанд эртаси нима бўлади?” Мен шунча яхши дуолар қилганим билан кўпроқ онанинг дуоси мустажоб-ку! Опажон, бошим қотган, нима қиларимни билмай қолганман. Менга маслаҳатингиз керак. Қайнонамнинг гапига кирайми ёки Аллоҳга таваккал қилайми?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Ҳеч кимнинг гапига кирмай, болаларингизни етим қилмай, тинч яшашга интилишингиз лозим. Турмуш ўртоғингизнинг сизга ёмонлиги йўқ бўлса, нега бошқаларнинг гапига кириб, ажралишни ўйлашингиз керак? Никоҳ ўйинчоқ эмас-ку! Она-бола ўртасида нималар бўлган бўлса, сиз унга аралашмай, фақат яхшиликни таратаверинг. Турмуш ўртоғингизга “Онангиз сизни фалон деб мақтади”, деб айтинг, гарчи ёмонлаган бўлса-да. Қайнонангизга ҳам худди шу йўлни тутинг. Бир кун келиб, иккиси ярашиб, муносабатлари яхши бўлиб кетса, иншааллоҳ, савоби сизга ҳам тегади. Албатта, иккови ҳам аввалида сизнинг гапингизга ишонмайди, эҳтимол, баттар жеркиб берар, балки “У ҳақда менга гапирманг!” деб айтар, аммо сиз шу ишингизда давом этаверинг, фақат мақтовларингиз самимий чиқсин. Ҳеч ҳам аслида улар гапирган гапларини бир-бирига етказманг. Мусулмон мусулмонни бир-бирига яхши кўрсатиши керак. Дуода бўлаверинг. Вақти келиб, турмуш ўртоғингизни онаси дуо қиладиган бўлади. Ҳозирча сиз дуосини қилиб тураверинг. Валлоҳу аълам