Ассалому алайкум! Аллоҳ рози бўлсин сизлардан! Ўғлим 4 ярим ёш. Болалар билан ўйнаганида ўйинда ютқазиб қўйса, чидамасдан йиғлайди. Доим ўзи ютишини хоҳлайди. Бу унинг болалигими ёки у билан алоҳида ишлашим керакми?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Баъзи болалар катталар сингари амбицияга (биринчи бўлиш, энг илғор бўлиш, ажралиб туриш каби ҳиссиётларга) қаттиқ берилган бўладилар. Бунинг сабаби яқинлари унинг истеъдодини тан олмаганларидан келиб чиқади. Айниқса, катта бўлганида бу ҳис-туйғу қаттиқ аъзоб беради, яшашга халақит қилиб, ҳатто ҳасад туйғусини кучайтиради. Шунинг учун бола кичиклигидан қилган ишларига яраша мақтаб турилиши, ота-онаси томонидан бегоналар олдида боланинг ишлари учун миннатдорчилик туйғулари ифодалаб турилиши керак. Бола уддасидан чиқа олмаган баъзи иши учун қаттиқ куюнса, “Ҳечқиси йўқ, у ишда бўшлик қилган бўлсанг, фалон ишни жуда зўр бажарасан, менга шу ишинг жуда ёқади, кейинги сафар бу ишни ҳам бажаришингга ишонаман!” каби сўзлар билан қўллаб-қувватлаб турилса, етарли. Шунда бола борган сари тинчлана боради. Баъзи ишларида ютқазган жойларида ҳам ўзини қўлга олишни ўрганади. Валлоҳу аълам