Tемперамент

11:33 / 13.06.2019 | Qalbimda_imon | 792
Ассалому алайкум! Ёшим 25 да. Психологияга жуда қизиқаман. Темпераментлар ҳақида, озми-кўпми, маълумотлар биламан. Саволим ўзимнинг темпераментим тўғрисида. Ўзимни сангвиник деб ҳисоблайман. Доим яхши кайфиятда, кулиб юраман, яқинларимга ҳар қандай мавзуда кенгроқ, батафсилроқ гапираман. Ҳаммани хурсанд қилишга, барчага ёрдам беришга, яхши аёл, келин, она бўлишга бор кучим билан ҳаракат қиламан.
Аммо тез жаҳлим чиқади. Бирданига асабийлашиб кетаман. Озгина ўтиб ўзимга келсам, яна кулиб юравераман. Характеримдаги салбий одатларни йўқотишни хоҳлайман. Турмуш ўртоғим билан ҳам жанжаллашишни хоҳламайман, жуда яхши инсонлар. Улар флегматик. Юраги кенг, беғамроқ, камгап, ҳамма гаплари ичларида. Шунинг учун баъзида тортишиб қоламиз. Улар билан жанжаллашиб гуноҳкор бўлишни, хафа қилишни истамайман.
Ўқиганим, эшитганларим бўйича темперамент инсон билан бирга туғилар экан. Мен табиий шундай – тез ёниб ўчадиган, салга асабийлашадиган бўлсам, бу одатларни йўқотишнинг иложи борми?
Яна бир саволим шуки, мен сангвиник бўлсам, менда бошқа темперамент белгилари ҳам бўлиши мумкинми? Масалан, мен учун яқин бўлмаган инсонлар билан унчалик гаплашолмайман, баъзида сал нарсага йиғлавораман, баъзан эса ичимда гап сақлаёлмай, яқинларимни хафа қилиб қўяман, кейин виждоним қийналади
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Саҳобалар ҳаётларини эслайлик. Умар розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилишларидан аввал қандай инсон бўлганлар? Ўз фитратларидаги шижоатлари, қаттиққўл ва адолатли, бир сўзли, довюраклик феълларини Исломдан аввал ва кейин қандай қўллаганларини эсланг. Ҳар бир инсоннинг фитратига Яратган инъом этган феъл-атвор бор. Ана шу феъл-атворни динимизга хизмат қилувчи қилиб йўналтириб туришимиз, ўзимизни ҳар қадамда ислоҳ қилишимиз биз бандаларнинг қўлидан келадиган иш. Ана шу ҳақда мулоҳазаларни кўпайтириб туришимиз ва бу иш қўлимиздан келишига ишончимизни ошириб туришимиз керак. Валлоҳу аълам