Унута олмаяпман

08:35 / 19.06.2019 | Лобар | 876
Ассалому алайкум! Мени бир нарса роса қийнайди, шунча уринсам ҳам, унута олмаяпман. Эримга турмушга чиққанимга 12 йил бўлган бўлса, шу йиллар оралиғида менга хиёнат килиб келар эди. Кейин билиб қолсам, кечирим сўраб, яна билганини қиларди. Мана яна бир хиёнатини билиб қолдим. Шу аёл билан 4 йилдан бери менга хиёнат қилиб юрар экан, яна ўзим билган, таниган аёл билан! Кечирим сўради, бошқа қилмаслигини айтди. Нима қилишни ҳам билмайман, ҳеч эсимдан чиқара олмаяпман. Турмуш ўртоғимни кўрсам, қилган хиёнатлари ёдимга тушиб, қандай ўч олишни ўйлайман. Яна хиёнат қилса-чи, деб ҳеч миямдан чиқара олмайман. Аллоҳга шукр, уч фарзандим бор, фарзандларим катта бўлиб қолишди. Улар отасининг бу юришини билиб қолишса, нима деб ўйлайди? Яна қанча чидаш мумкин? Илтимос, маслаҳат беринглар!
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Ҳамма нарса ўзингизнинг қўлингизда. Фарзандларингизга яхши ўрнак бўла оладиган ота керак, деб ҳисобласангиз, у ҳолда отасининг қилган ишларини яшириб, унинг яхши сифатлари ҳақида кўпроқ гапириб, барчасига сабр қилиб яшаш керак бўлади. Фақат ўзимни ўйлайман, кечира олмайман, бахтли бўлишим керак, бошқа турмуш қураман, десангиз, бунга ҳам ҳаққингиз бор. Аммо шуни айтиш керакки, шу турмуш ўртоғингиз билан ҳам тўла-тўкис бахтли бўлиш имконингиз бор. Бунинг учун кечира билиш, у инсонга ҳам адашиш ҳаққи берилган бир бандага қарагандек назар қилиш, ўзингизни янада кўпроқ парвариш қилиш (нафақат кийим-кечак, соч турмаклари, атир-упа каби, яъни образингизга эътибор бериш, балки илм олиш, дунёқарашингиз, мулоҳазаларингизни ўзгартириш) ишларини олиб бориш керак бўлади. Тасаввур қилиб кўринг, хиёнатни деб турмушингиздан ажралсангиз, кейинги турмушингизда ҳам худди шу иш такрорланмайди, деб ким кафиллик бера олади? Шунинг учун болаларнинг тарбиясини ўйлаган ҳолда, уларнинг қанчалар етук, илмли, одоб-ахлоқли инсон бўлишини фикрлаб, кўпроқ ўйларингизни шунга бағишласангиз, ҳаракатларингизнинг аксарияти ҳам шунинг устига қурилса, ўйлайманки, турмушингизда ҳам офият ва сокинлик пайдо бўла бошлайди. Турмуш ўртоқ хиёнат қилишда давом этар экан, демак, инсон ўз ҳаётини, турмуш тарзини бутунлай бошқача кечириши, бу ҳақда чуқур мулоҳаза қилиши керак. Валлоҳу аълам