Ассалому алайкум! 1. Рус муаллифи томонидан бизнесни ривожлантириш самарали усуллари ҳақида ёзилган китобни муаллифдан сотиб олган устозимга ёрдам беришга рози бўлдим (китобни ўзбекча версиясини нашр қилмоқчи эдилар) (аввал у китобни рус тилида ўқиганим учун фойдали бўлади барчага деган ниятда). Китоб таржима қилиниб бўлинган эди, мендан фақат имло ва саҳифалашдаги бошқа хатоларини кўздан кечириш сўралаган эди холос, лекин китобни текшириш жараёнида ислом таълимотларига мос келмайдиган гаплар чиқа бошлади. Умуман олганда 100% лик берилган усуллардан 10% дан камроғида шунақа шубҳали гапларни кузатдим. Аллоҳга шукур айрим жойлардаги ёлғонга тарғиб ва спиртли ичимликлар билан берилган мисоллар ва назарияларни олиб ташлашимизга рози бўлдилар. Лекин қолган айрим таклифларимга розилик бермадилар ва муаллифдан қандай берилган бўлса шундан қолиши керак деб ўзгартиришга рози бўлмадилар: Мисол учун: - "сотувчиларингиз фолбинга бормасданоқ ўз мижозларига турли хил сотувга ундовчи ҳикояларни айтиб беришмоқда" (ҳикоя деганда сотувга ундовчи воқелар, аввал қайсидир мижоз билан содир бўлган ва ҳоказо) - "кандай ҳикояларга ишонишади?" "ҳикояларни жамлаш ва муддати билан янгилаб туриш керак" (бу ерда мен уларни тўқишга ҳам тарғибот бор деб тушундим, лекин устозим бу ҳам бир сотув услуби дедилар) - муаллиф жадвал шакллантиргани ва шу жадвалдаги маълумотларга кўра мижоз ишониб сотиб олгани (жадвални асосланган ёки йўқлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ, лекин мен асосланмаган деб тушунсам устозим бу кўп бизнесларда ишлатиладиган калькуляция дедилар) мен "ишонди ва сотиб олди" деган сўзидан келиб чиқиб мазкур услуб аниқ асосланмаган деб ҳисобладим чунки у калькуляция киритилган инвестиция қанча муддатда қопланишини кўрсатиб берадиган жадвал эди, бу мавзуда аниқ кун ва муддатни айтиш амримаҳол менимча. - бошқа жойлари: гаров ўйнаб француз шампанини ютиб олгани.. Китобдаги кўп жойларини ўзгартиришда ҳозирда қаралашяпман. Биринчи саволим шу китоб нашрида ёрдам беришим жоизми? Қандай йўл тутганим яхши? 2. Иккинчи саволим ҳам шу рус муаллифининг бошқа китобини ўзбекчага таржимаси бўйича. 2-Китоб инсонни ўз соҳаси бўйича энг етук мутахассис бўлишига берилган кўрсатмалардан иборат, китобни тўлиқ ўқиб чиқдим, мендан имло ва таржималардаги хатоларини кўриб чиқиш ва нашр ишларига бош қош бўлишим сўраляпти. Китобдага мени ўйлантирган жумлалар: * "меҳнат маймунни одамга айлантирди" * "вино суҳбатлари бўйича билимдонлик, тост айтиш" каби масалалар.. * ҳамма жойда ҳатто ҳожатхонада ҳам китоб бўлиши ва уни ўқиш * бир китобни ўқишни тавсия қилган китоб номи : "Қонунлар, айёрликлар, услублар". * ижодкорликни ошириш учун шахмат, шашка ва нарда ўйнаш * бир жойда инглизча сўкиниш сўзини инглизча қўллаган (маъноси: ишкал) * бир алкоголь ичимлигини қандай қилиб бозорга ҳийла билан олиб кирилгани мисоли берилган. юқорида китобдан келтирилган жумлалар ўзгартириш бўйича ҳали устозим билан гаплашмадик, балким ҳаммасини ўзгартиришга розилик берарлар иншааллоҳ, балким айримларига кўнмаслар, шунга қайси ҳолда китобни текшириш ва нашрга тайёрлашда ёрдам беришим жоиз бўлмайди? Қандай йўл тутганим маъқул? Жавоблар учун олдиндан раҳмат.
– Ва алайкум ассалом! Агар очиқ-ойдин ҳаромга тарғиб, ёлғон, фириб ва макр-хийлага олиб борувчи омилларни ҳалолига ўзгартиришга амин бўлсангиз ва уларни ҳалол нарсаларга ўзгартира олсангиз ҳисса қўшинг. Акс ҳолда мутлақо яқинлашманг. Чунки у китобни ўқиб қанча одам қанча вақт ҳаром ишларни қилса гуноҳига тенма тенг шерик бўлиб турасиз. Валлоҳу аълам!