Ассалому алайкум! Менинг қизим яқинда 5 ёшга киради. Характери оғирроқ, яъни сал яхши гапирсак, ҳаддан ортиқ эркаланиб кетади, қаттиқроқ гапирсак, йиғлаб, аразлайди, жуда шўх (уйдагилар ҳам айтади). Меъёрда гапирсам, эшитмагандай юради. Кўп гапиради, лекин умуман эшитмайди. Бошқаларни ўз гапини эшитишга, айтганини қилишга ҳар хил йўллар билан мажбурлайди. “Ақллигим, чиройлигим”, деб рағбатлантириб тураман, лекин баъзан инжиқликларига чидолмай қоламан. Айниқса, ўғлим туғилганидан бери тинчлик йўқ. Укасига зарар етказмоқчи бўлаётганида қаттиқ уришаман. Дадаси авваллари нима қилса ҳам, кўтарар эдилар, ҳозир улар ҳам кам эътибор қиладиган, қочадиган бўлиб қолганлар. Унинг келажагидан баъзан хавотир оламан. Катта бўлганида атрофдагилар қизимнинг барча қилиқларини кўтаришмайди-ку. Кўнгли оғриб қолишидан, одамларга қўшилолмай қийналишидан қўрқаман. Уни қандай оғирроқ, босиқроқ бўлишга ўргатсам экан?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Қизингизни бегона болалар орасига кўпроқ қўшиш керак. Бегоналар ичида бола эркалана олмайди, чунки унинг манипуляциясига бегоналар тушиб қолмаслигини жуда яхши тушунади. Ҳамда боланинг кун тартиби яхшилаб тузилиб чиқилиши зарур. Унинг бекор вақти кўп. Бу ёшда бола ўзининг пайпоғи, ич кийимлари, дастрўмолини, соч резинкаларини ювиши, қуритиб, тахлаб, ўз жойига олиб бориб қўйиши, чанг артиш, ювилган идиш-товоқларни артиб, жой-жойига қўйиши, кичкина супурги билан уй-атрофларни бироз супуриши керак бўлади. Бола иш ва илм билан машғул бўлиши, ота-онанинг у билан чиройли мулоқот қилиши унинг тўғри тарбияланишига гаровдир. Бошқа саволларга берилган жавобларда ўқиган бўлсангиз, болаларнинг инжиқлигига нафақат онасининг феълидаги инжиқлик ёки нотўғри тарбия, балки тановул қилаётган нарсаларида йод етишмовчилиги ҳам сабаб бўлади. Кўп гапиришига келсак, юрак фаолиятида етишмовчилик бўлиши мумкин, яъни юрак фаолиятига хурсандчилик етишмайди, бола нималардандир сиқилиб, хафа бўлиб юради. Уни хурсанд қилиш керак. Хурсанд қилиш учун эса фақат ширинлик едириш керак, дегани эмас. Оиласи билан қизиқарли ўйин ўйнаш, жамоат жойларида (ҳайвонот боғи, арғимчоқ учиш, паркларга бориш, дам олиш масканларига бир оз бўлса-да, бориб келиш) бирга ҳордиқ чиқариш (бу иш келажакда жамиятга қўшилишига, ўзига бўлган ишончнинг пайдо бўлишига сабабдир) керак. Чунки боланинг инжиқлиги, қайсарлиги, бировга озор беришининг яна бир сабаби “Менга эътибор қилинглар”, деганидир. Валлоҳу аълам