Ассалому алайкум! Ўғлим ёшлигида ўткир, қўрқмас, эпчил, салоҳиятли эди, катта бўлиб, ишёқмас, бўшанг, бетартиб бўлиб кетяпти, ўқишини ҳам ташлаб қўйди. У 15 ёшда. Нима қилсам, ҳаётига мақсад киради?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Ўн беш ёшлар атрофида ўғил болаларда шу каби ишлар кузатилиши табиий. Бу ўтиш даври бўлгани учун катталар озроқ сабр қилишлари керак. Бу вақтда насиҳатни бироз камайтириб, ўзингиз ибрат бўлишингиз лозим. Шунчаки келажаги ҳақида кўз олдида гап билан ҳаётини жонлантириб, тасаввур қилдириш мумкин. Бунинг учун унинг нималарга қизиқиши борлигини билиш керак. Бунинг учун эса ўз навбатида ота-она бола билан кўпроқ мулоқотда бўлиши талаб қилинади. Боланинг қизиқишларини билиб, шу йўналишда кетишига ёрдам бериш керак. Мисол учун спортга қизиқиши бор бўлса, унда қандай қилиб муваффақиятларга эришиш мумкинлиги тўғрисида маълумотларни ўрганиш, бу ҳақда суҳбатлар қуриш, ҳарбий бўлишни истаса, демак, ушбу йўналишни олиб кетиши учун қайси қадамларни босиб ўтиши керак, ана шулар ҳақида гаплашиб туриш лозим. Болага баланд овозда гапириш, унга дўқ қилиш, камчиликларини қидириб, юзига солиш нотўғри иш саналади. Чунки бу ёшда гормонал ўзгаришлари юз бераётгани учун асаблари таранг ҳолда бўлади. Оилада унинг катта бир инсон, мукаммал шахс сифатида тан олиниши, спортга ва меҳнатга қизиқтирилиши, ундан гоҳида енгил ишларда маслаҳат олиниши самара кўрсатади. Валлоҳу аълам