Ўқиган қиз бахтли бўладими?

12:26 / 24.07.2019 | فطمة | 913
Ассалому алайкум! Турли хил тилларни ўрганишга ва ўргатишга қизиқаман. Лекин ойим ўқишимни хоҳламайди. Доим ўқишимга қаршилик қилади. Баъзан ёмон сўзлар билан қарғайди. Дадамга тинмасдан ёмонлайди. Ойим: "Қиз бола уй ишларини қилишни билиши керак, ўқиш эркак киши учун. Эркак бўлиб кўчага чиқиб ишлагинг келяптими?! Ўқиган қиз эрини боқади. Ўқимаган қиз оёғини осмондан қилиб, семириб ётади. Сен бахтсиз бўласан", дейди. Сизнингча шу тўғрими? Ойим шу канални ўқийди. Илтимос, сиз шундай гап ёзингки, ойим фикрлаши ўзгарсин. Ёки қиз бола ўқиса, ростдан ҳам бахтсиз бўладими? Йигитлар билан юрадиган бўлиб қоладими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Агар сиз ўрганаётган ва ўргатмоқчи бўлган тиллар шариатга мувофиқ бўлиб ўргатилса, инсонга манфаатли бўлса, жоиз.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим», деган эканлар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят ривоят қилганлар.
Лафз Термизийники.
Энди ушбу ҳадиси шариф ҳикматини ҳаётимиз воқелигига солиштириб кўрайлик.
Илм талаби йўлига кирган одамга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осонлаштириб қўйишини аввалги ҳадисда кўрдик.
Энди толиби илмни рози қилиш учун фаришталар унинг оёғи остига қанотларини қўйишлари, уни ўраб турган Аллоҳнинг раҳматидан баҳраманд бўлишга уринишлари ҳақида сўз юритайлик.
Инсоф билан айтайлик-чи, бизда шу тасаввурнинг ўзи борми?
Илм талаб қилиш шу даражада улуғ иш эканини тушуниб етганмизми?
Бу ишга фаришталар ҳам ҳавас қилишини англаймизми?
Ҳозиргача англамаган бўлсак, энди англашимиз керак. Ислом илм талабини ҳар бир мусулмонга бешикдан қабргача фарз қилганини эслаб, дарҳол ўз шахсимиз учун фарзи айн бўлган диний илмни талаб қилишга киришайлик! Бир ҳарф, бир сўз, бир жумла бўлса ҳам, ўрганиб, унга амал қилишга ҳаракат қилайлик! Ўзимиз ўрганишимиз билан бирга оила аъзоларимиз, болаларимиз, қўни-қўшни ва таниш-билишларимизга ҳам ўргатишга интилайлик! Турли илмларни ўрганаётган талабаларимизни қўллаб-қувватлайлик, уларга ўзлари танлаган йўл қанчалар улуғ эканини тушунтирайлик! Илм талаб қилиш фаришталар ҳам ҳавас қиладиган иш эканини одамларимизга тушунтирайлик. Толиби илмларни фаришталар ўраб туришини, уларнинг оёқлари остига қанотларини қўйиб туришини ҳаммага англатайлик! Фаришталар ҳавас қилган одамларга биз ҳам ҳавас қилайлик, улар ҳурмат қилган одамларни биз ҳам ҳурмат қилайлик!
Ҳадиси шарифда олим кишига осмондаги ва ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиши таъкидланмоқда.
Илм талаб қилиш масаласини кўриб чиқайлик.
Илм талаб қилиш йўли – жаннат йўли эканини ҳаммамиз яхши тушуниб етганмизми?
Илмга динимиз талаб қилгандек уринамизми?
Нима учун динимиз илм талабини ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз қилган бўлишига қарамай, кўплаб мусулмон юртларида ялпи саводсизлик ҳукм сурмоқда?
Дунёда бошқа миллатлар илмнинг юқори чўққисига чиққан бир пайтда ҳали кўпгина мусулмон давлатлар аҳолисининг ярмидан кўпи ўқиш-ёзишни билмайди. Кўпларида таълим ишлари йўлга қўйилмаган. Мусулмонлар ҳаётнинг энг зарур соҳаларида ўз олимлари йўқлигидан бошқаларнинг ёрдамига муҳтожлар.
Бошқалар фарзандларини илм олишга ундасалар, мусулмонлар фарзандларини пул топишга, мол боқишга мажбур қиладилар.
Бошқаларда илм ва олимлар юксак қадрланса, мусулмонларда улар ерга урилади. Ислом илм дини эканининг аломати шуми?
Қуръони Каримдаги илмга тарғиб қилувчи оятларга амал қилиш шуми? Илм ҳақидаги ҳадиси шарифларга амал қилиш шуми?
Бу ҳолатга барҳам беришнинг пайти келган. Ҳар бир мусулмоннинг илмга муносабати Ислом таълимотига мувофиқ бўлиши керак. Ҳар ким ўзига керак нарсанинг илмини талаб қила билиши лозим. Ҳар бир соҳада ўз эҳтиёжимизни қондирадиган олимлар тайёрлашимиз фарзи кифоя. Агар аксинча бўлса, ҳаммамиз баробар гуноҳкор бўламиз