Ассалому алайкум! Одинахон инсон ўлгандан кейин кўмиш учун ҳар ерда ҳар хил чиқимлар бўлар экан. Шариат нуқтаи назаридан нималарни тайёрлаб қўйиш керак ва кимларга нима тарқатиш керак? Шуларнинг рўйхатини беришингизни иложи борми? Бизда ювганга бош-оёқ сарпо, гўрковга бояги ишлатилган янги челак, тоғора, пул ва келган меҳмонларга латта ва ҳоказо берилади. Биз шариат нима деган бўлса шуни қилишимиз керак ва тарқатиладиган мато жоиз бўлса, маҳалладош ва қариндошларга мато ўрнига нималарни тарқатиш мумкин?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Шариатда ўлик кўмган киши кимларгадир нималардир тарқатади, деган гап йўқ. Аммо ўликни ювиш, кафанлаш ва дафн қилиш учун кетадиган барча харажатлар аввало маййитнинг меросидан, бўлмаса, маййитнинг эгалари ёки бошқа мусулмонларнинг молидан таъминланади. Кафанлик учун 5-10 метр покиза мато бўлса, бас. Ювиш учун алоҳида идиш ҳозирлаш ҳар кимнинг ўз ихтиёрида, бўлмаса, ҳар қандай пок сувидишни ишлатиш мумкин. Ювувчи, жанозани ўқиб берган имом, гўрков ва бошқа хизматчиларга урфга қараб хизмат ҳақи берилади. Бунда маълум бир қиймат белгиланмаган, уларнинг розилиги аҳамиятли. Булардан бошқа ишлар – келган-кетганларга ош-нон бериш, мато тарқатиш шариат талаб қилган ишлар эмас. Агар бундай ишларга диний мажбурият деб қаралса, у бидъат бўлади. Аммо маййитга савоб етказиш учун кўнгилдан чиқариб бирор нима эҳсон қилса, бу ўзининг иши, савобли амал. Лекин бунда меросхўрларнинг ичида балоғатга етмаган болалар бўлса, уларнинг молидан ишлатиш ҳаромдир. Валлоҳу аълам