Ассалому алайкум Ва РохматулЛахи Ва Барокатуху, Хурматли Одихон опа! Саволим шундан иборатки, турмуш ӯртоғимнинг мендан бошқа яна аёллари бор. У аёлларига кӯпроғ мойил бӯлиб кетканлар, менга умуман гапирмайдилар ҳам,кӯнглингиз бӯлмаса менда, жавобимни беринг десам бермайдилар. Хаттоки ӯринарини ҳам алоҳида қилиб олганлар. Токи мен ҳабар топкунимча бошқа аёлга уйланиб олганларини неччи ойлар давомида мени олдимга умуман келмасидилар ҳам. Ҳабар топканимдан кигин, сиз мени ҳаққимга ҳиёнат қилдингиз десам, у рухсат берса кигин ҳаққингни бераман дейдилар, рухсат бермаса йӯқ дейдилар. Бу ишлари қанчалик тӯғри? Илтимос сиздан шунга ойдинлик кириб беринг менга Илтимос
– Ва алайкум ассалом! Бу саволингизга «Муяссар фиқҳ» китобида ушбу масалага доир бобда келтирилган қуйидаги жумлалар орқали жавоб берамиз.
Ким бир аёлдан ортиғига уйланган бўлса, уланинг орасида тунаб қолиш, озиқ-овқат ва кийимда адолат қилиши керак. Агар бирининг ҳузурида бир кеча тунаб қолган бўлса, бошқаларининг орасида бир кечадан тақсим қилади. Агар бириникида икки кеча қолган бўлса, бошқалариникида ҳам шундай қилади. Бунда бокира билан жувоннинг орасида фарқ йўқ.
(Бокира, жувон, эскиси ва янгиси – ҳаммаси бир, ҳақдор бўлишда ораларида фарқ йўқ)
Аёллар орасида тун борасида тенглик қилиш вожиб. Ҳаттоки агар биринчи хотининикига шомдан кейин келиб, иккинчисиникига хуфтондан кейин келса, гуноҳкор бўлади. Кундузи тенглик қилиш вожиб эмас. Лекин кечаси ишлайдиган бўлса, кундузи ҳам тенглик қилиши лозим.
(Агар бириникида куннинг кўп қисмида қолиб кетса, иккинчисиникида ундан кам қолса, у учун танглик йўқ, магар вазифаси қўриқчилик каби тунда ишлаш билан бўлса, бу вақт кундузи тенг бўлиши лозим).
Тенглик қилиш беморлик билан соқит бўлмайди. Бемор эркак ва бемор аёл тенглик қилишда соғлом кабидир.
Муҳаббатда тенглик қилиш вожиб эмас. Чунки эркак қалбига ўзи молик эмас. Баъзисини кўпроқ яхши кўриши мумкин.
Сафарда тенглик қилиш вожиб эмас. Улардан қай бирини истаса, ўша билан сафар қилиши жоиз. Авлоси ораларида қуръа ташлашдир. Қуръаси чиққан билан сафар қилади. Бу уларнинг қалбларига хотиржамлик беради. Шунингдек, бу адолатга яқинроқдир.
Агар аёллардан бири ўзининг навбатини кундошига беришга рози бўлса, бериши жоиз. Кейин бу гапидан қайтса бўлади.
Кимки аёллар орасида адолат қила олмаслигидан қўрқса, унга биргина аёлга никоҳланиш билан кифояланиш вожибдир.
(Аллоҳ азза ва жалла айтади:
«Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг) ёки қўлингизда мулк бўлганлар билан (кифояланинг)» (Нисо сураси, 3-оят).
Абу Довуд (2133), Термизий (1141) ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг иккита хотини бўлса-ю, улардан бирига мойил бўлса, Қиёмат куни бир томони мойил (фалаж) бўлган ҳолда келади», деганлар. Термизийнинг ривоятида: «Кишининг иккита хотини бўлсаю, уларнинг ўртасида адолат қилмаса, Қиёмат куни бир томони осилиб тушган ҳолда келади», дейилган. Бу эса қаттиқ уқубатдир.)
Валлоҳу аълам.