Аёл кишининг кўчага чиқиши

03:34 / 02.02.2023 | Хадижа | 466

Ассалому алайкум! Хурматли Одинахон опа сизга берадиган саволим шундан иборатки мен хеч каерда ишламайман уйда утираман турмуш уртогим рашкчи инсонлар албатта биламизки рашк килишни аёлиши асрашни аллох буюрган лекин мен хам доим уйда утириб жуда зерикиб кетаман ва асабий булиб коламан хижобдаман эримга илтимос киламан авратларимни ёпган холда базида кучака чикиб онам билан озгина ёзилиб келишимга рухсат беринг дейман у киши айтадиларки аллох куронда аёл киши кучага чикиши керак емас деган деб айтадилар шу тугрими аёл киши факат уйда утириш учун яралганми.

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Бу оят аёл киши уйдан мутлоқ чиқмасин, деган гапга далолат қилмайди.

«Аҳзоб» 33. Уйларингизда қарор топинг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг. Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Албатта, Аллоҳ сиздан кирликни кетказиб, бутунлай поклашни ирода қилади, эй аҳли байт!

Ушбу оятда яна мўминларнинг оналарига – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига бир неча амр йўлланмоқда:

«Уйингизда қарор топинг».

Албатта, барча мўминаларга ўрнак бўладиган оналаримизга виқорларини сақлаб, уйларида ўтириш амр қилинмоқда. Бундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари уйдан чиқишлари мумкин эмас экан, деган фикр тушунилмайди. Ушбу ояти карималар нозил бўлганидан кейин ҳам оналаримиз уйларидан чиққанлар. Нафақат уйдан чиққанлар, балки узоқ-узоқ сафарларга ҳам борганлар.

Мисол учун, Умму Салама онамиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳудайбияга борганлар. Оиша онамиз ҳам у зот билан бирга ҳажга борганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам уйдан чиққанлар, сафарларга борганлар. Бу ерда, арабларнинг одати бўйича, аёл кишининг асосий жойи уй бўлиши кераклигига ишора қилинмоқа. Айниқса, мўминларнинг оналари бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари учун виқор билан уйларида ўтиришлари, сабабсиз остона ҳатлаб чиқмасликлари зийнат ва фазилатдир.

«Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг».

Жоҳилият – Исломдан олдинги тузум. У вақтда аёллар очилиб-сочилиб, ясан-тусан қилиб, эркакларнинг эътиборини ўзига тортишга интилар эдилар. Ўзларини бозорга солиб, таналари ва зебу зийнатларини кўз-кўз қилар эдилар. Бундай очилиб-сочилиб юриш «табарруж» дейилади. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза аёлларини жоҳилият тузумининг хотинлари каби очиқ-сочиқ юрмасликка амр этмоқда. Бу амр ҳар бир муслима аёлга тегишли, лекин ҳар бир муслимага ўрнак бўладиган оналаримизга янада кўпроқ тегишли экан.

«Намозни тўкис адо этинг...»

Намозни тўкис адо этиш энг зарур амаллардан биридир. Айниқса, аёл кишилар учун яна ҳам аҳамиятли. Чунки фарзандлар доимо улар билан бўлади. Аёлнинг намозни тўкис адо этиши бола тарбиясига сўзсиз таъсир қилади.

«...закот беринг...»

Аёлларнинг молиявий ибодатга алоҳида эътибор билан қарашлари лозимлигини шу оятдан билиб оламиз. Одат бўйича, молиявий ибодатлар эркакларнинг ишига ўхшаб қолган. Лекин Аллоҳ таоло аёл кишига ҳам эркак киши билан тенг мол-дунё касб қилишига изн берганидан кейин, улардан молиявий ибодатни ўз ўрнида адо этишларини ҳам талаб этади.

«...Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг».

Бу ҳамма амру фармонларнинг жамловчисидир. Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат қилиш доирасига юқорида зикр этилган ва зикр этилмай қолган бошқа ишлар ҳам киради. Ҳар бир мўмин ва мўмина Аллоҳга ва Унинг Расулига тўла итоат қилмагунича, комиллик касб этмайди. Уларга айни комилликдан дарс берувчи зотлар эса мўминларнинг оналари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари бўлмоғи лозим. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ёстиққа бош қўйиб яшаётган аёллар – уйларида Қуръон оятлари тушиб турган бандалар Аллоҳга ва Унинг Расулига биринчи бўлиб итоат қилмасалар, ким итоат қилар эди?!

«Албатта, Аллоҳ сиздан кирликни кетказиб, бутунлай поклашни ирода қилади, эй аҳли байт!»

Ушбу жумладаги «кир», албатта, маънавиятга тегишлидир, яъни бундан гуноҳлар ва бошқа маънавий доғлар тушунилади. «Аҳли байт» – хонадон аҳллари. Шиъа мазҳабидагилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «аҳли байт»лари деб ҳазрати Али, Фотима онамиз ва уларнинг фарзандларинигина назарда тутадилар. Аммо Аҳли сунна ва жамоа уламолари ушбу ояти каримани далил қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳаралари ҳам «аҳли байт»га киришларини айтадилар. Бу мақом улар учун катта бахтдир. «Аҳли байт» дейилишининг ўзи катта гап. Чунки бу ибора бошқаларга ишлатилмайди. «Аҳли байт» деганда, фақат маҳбуб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадон аҳллари тушунилади, холос. Ўша аҳли байтдан кирликларни кетказишни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олмоқда. Ўша аҳли байтни бутунлай поклашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олмоқда. Лекин, аввало, уларни одобли, ахлоқли бўлишга, уйларида виқор билан ўтиришга, жоҳилият очиқ-сочиқлигидан узоқ туришга, нозу карашма билан гапирмасликка, намоз ўқиб, закот беришга ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишга амр этмоқда ва шундан сўнггина улардан кирни кетказиб, бутунлай поклашга ваъда бермоқда.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аҳли байт бўлишнинг ўзигина Аллоҳнинг уларни бутунлай поклаши учун етарли эмас. Балки, аввало, улар иймон-эътиқодда ва ибодату амалда бўлмоқлари зарур. Ана шундагина Аллоҳ таоло уларнинг кирларини кетказиб, бутунлай поклайди.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Фотима Муҳаммад қизи!

Эй София Абдулмуттолиб қизи!

Эй Бану Абдулмуттолиб! Мен сизларга Аллоҳдан келадиган бирор нарсани қайтаришга молик эмасман. Мендан ўз молимдан нимани хоҳласангиз, сўранглар», – деганлар.

Имом Муслим ва имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Қурайш жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!

Эй Бану Каъб жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!

Эй Бану Ҳошим жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!

Эй Бану Абдулмуттолиб жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг!

Эй Фотима Муҳаммад қизи, ўзингни дўзахдан қутқар!

Аллоҳга қасамки, албатта, мен сизларга Аллоҳдан келадиган бирор нарсани қайтаришга молик эмасман», – деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига муносабат шунчалик экан, энди бошқалар ўзлари тушуниб олаверсалар бўлади.

Ҳа, Аллоҳ таоло Ислом жамиятининг жавҳари ҳисобланган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан кирни кетказишни, уларни бутунлай поклашни хоҳлайди, аммо аввал аҳли байтни иймон ва амалга чақиради. (Тафсири ҳилол.) Валлоҳу аълам!