Ассалому алайкум! Ҳаж амалларини бажаришга борган муслималар ҳижобга ўранган, яъни авратлари беркитилган ҳолда бўлади. Лекин эркаклар ярим яланғоч оқ сурпга ўраниб олишади ва белларидан тепаси, елкалари, кўкраклари, қорнигача очиқ туради. Саволим: Эркакларда чегараланган аврат қисми борми? Муслима аёлларга номаҳрам эркакларни очиқ баданига кўзи тушиши ёки ўша ярим яланғоч номаҳрам эркаклар билан бир гуруҳ бўлиб, ҳаж амалларини бажаришга шаъриатда аниқ хужжатлар келтирилганми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Аллоҳга шукрлар бўлсин, ҳозирда шариатимизни ўрганиш учун китоблар, сайт маълумотлари анча кўпайиб қолди. Ҳажга оид китобларни, мақолаларни ўқиб борганингизда, ушбу саволларингизга жавоб топган бўлардингиз. Албатта, бутун олам ҳеч бир ҳужжатсиз, далилсиз ҳаж амалини бажариш учун бундай ҳолатда бўлиб олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди шундай қилиб эҳром боғлаганлар. Эркакларнинг киндикларидан тиззаларигача аврат ҳисобланади. Яъни улар мазкур жойларини (тизза ҳам авратга киради) эркакларга ҳам, аёлларга ҳам кўрсатмасликлари керак. Бошқа жойлари аврат эмас. Муслима аёлнинг муслима аёлга нисбатан аврати ҳам шундай. Энди сизга ғаройиб туюлган ҳаждаги эркакларнинг эҳром либоси, яъни икки бўлак мато уларнинг авратларини беркитади, албатта. Эҳромда бундай ҳолатда бўлиш жуда катта ҳикмат ва маънога эга. Ҳаж ибодатини ният қилган одам дунё матоҳларидан тамоман холи бўлган ҳолатда икки дона матога ўранади, худди кафанлик каби. Бунда тарки дунё қилиш ва хокисор ҳолда Аллоҳга юзланиш бор. Аммо аёлларнинг юз-қўлларидан бошқа ҳамма аъзолари аврат эканлиги сабабли уларга кийим кийишга рухсат берилган. Лекин улар номаҳрам эркакларга кўз тикишдан қайтарилган. Эркак ва аёлларнинг ҳаж ибодатида бундай кўринишда бўлишларининг ўзига яраша ҳикматлари бор. Валлоҳу аълам