Ҳайзли талаба аёлнинг тиловати

03:46 / 01.06.2023 | Oisha | 1327
Ассалому алайкум!
Устоз мен хозир қурьон ёдлаш билан шуғулланяпман. Мен хайз бўлсам ёдлаётган дарсларим бироз ортда қоляпти. Бу орада ҳайзим 8-9-10 кунлаб давом этгани хисобига ёдлашда озгина қийинчилик бўляпти. Ёдаким битгунча Истисно ўлароқ Қурьонни ушламасдан тиловат қилсам бўладими
Жавоб учун олдиндан рахмат,
Аллоҳ рози бўлсин!
Мутахассис:

– Ва алайкум ассалом! Ҳайз кўрган аёлга Қуръон ўқиш жоизми?
Ҳанафий мазҳабида ҳайз кўрган аёлга Қуръон тиловат қилиш жоиз эмас. Яъни оятларини талаффуз қилиш жоиз эмас.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳайзли аёл ва жунуб Қуръондан ҳеч нарса ўқимайди», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларида ҳам шу каби. Фақат Имом Молик Қуръонни унутиб қўйиш хафви бўлганида ҳайз кўрган аёлга тиловат қилишга ижозат берганлар. Ҳозирда Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабидагилар Моликий мазҳабининг бу борадаги сўзини олганлар. Ҳанафий мазҳабида имтиҳон каби вақтида топширмаса ноқулайлик туғдирадиган ўринларда Моликий мазҳабини олиб туриш жоиз. Аммо имкон қадар ўқимагани афзал. Чунки Қуръоннинг ҳурмати улуғдир, унинг тиловати ибодатдир.
Танбеҳ: Ҳайз ҳолатида қўлқоп кийиб Мусҳафни ушлаш жоиз эмас. Чунки бу ҳолатда Мусҳафни инсонга ҳам Мусҳафга ҳам тобеъ бўлмаган нарса(қалам, чизғич) воситасида ушлаш жоиздир. Қўлқоп инсонга тобеъ бўлади.
Хулоса: Ҳайз кўрган мударрисалар оятларни тўлиқ ўқимаган ҳолда дарсларини сўзма-сўз ўқиб берадилар, луқма ташлаб хатоларни тўғрилайдилар, тажвид аҳкомларини ўргатадилар. Толибалардан дарсларини эшитиб қабул қиладилар.
Ҳайзли толибалар: дарсни эшитиб, талаффуз қилмаган ҳолда зеҳн ва қалбда ёд олишлари мумкин. Имтиҳонларда, кечиктирилиши танглик туғдирадиган ҳолларда дарсларни фақатгина матлуб(зарур) миқдорини топшириб турадилар,. Валлоҳу аълам.
savollar.muslimaat.uz.