Ассалому алайкум! Турмушимизга 2 йилдан ошди, аммо ҳали фарзандимиз йўқ. Кўп шифокорларга кўриндик, ҳамма натижаларимиз яхши. Оиламдагилар сиз фарзандли бўлишни хоҳлаямаяпсиз, шунинг учун фарзандлариз бўлмаяпти деяптилар. Ахир фарзанд неъматини Аллоҳ берадику, дуоларимда доим Аллоҳдан солиҳ фарзанд, оиламдагиларга ҳидоят сўрайман. Аммо улар мендан норози бўляптилар, бизни ҳурмат қилмайди дейдилар. Аслида ҳаммалари жуда яхши инсонлар, ҳаммаларини яхши кўраман. Доим таъминотимни яхши қилиб берганлар. Аммо динимга қаршиликлари учун охирги пайтларда меҳр беролмадим. Менинг камгаплигим, киришимли эмаслигим, динимга амал қилишим ёқмайди. Шу дунё билан яшанг, динга берилманг дейдилар. Кўчада оддий рўмолга ҳам рухсат бермайдилар. Сиз бизни айтганимизни қилинг, ахир хўжайинингиз норози, бунақада сизни ўқиган намозлариз, тутган рўзалариз ҳам ўтмайди дейдилар. Ахир сатри аврат фарзку. Хўжайиним пойтахтда ишлайдилар, фақат ойда 8 кун уйда бўладилар. Бирга яшасак ҳаётимиз яхши бўлади деб ўйлардим. Аммо хўжайиним менга тўғри келмайди деяптилар, мени олиб кетмаяптилар. Мен ёмон гумонларга бориб қоляпман, ёмон гумон қилиш гуноҳлигини билиб туриб, ўзимни ислоҳ қилолмаяпман. Минг афсуски, олдин ҳижобда эмасдим, намоз ўқирдим, аммо иймоним суст эди. Тўйдан олдин хўжайиним билан учрашиб, гаплашиб юрдим. Энди жуда катта хато қилганимни англаяпман. Тақволисини танламаганим, бенамоз инсонга турмушга чиққаним, тўйдан олдин гаплашиб юрганим, вақтида ҳижобга кирмаганим учун Аллоҳим мени кечирсин. Ҳозир хўжайиним ажрашишга ариза бердилар. 2 йил кутдим ўзгармади, менга ўранган хотин керакмас деяптилар. Фарзандсизликдан ажрашишга рухсат борлигини биламан. Аммо хўжайинимни яхши кўраман, боғланиб қолганман шекилли. Бу синовлар балки Аллоҳимга қайтишим учун берилган неъматдир. Ҳозир жуда тушкунликка тушиб қолдим, оилам мени деб, рўмолимни деб бузиляпти, мендан хўжайиним норози, энди мен жаннатга киролмайманми деб қўрқяпман. Ахир улар ҳам жуда яхши инсонлар фақат ҳозир илмсизлик қиляптилар, агар мен сабр қилсам, ўзимни ўзгартирсам оилам бузилмасдику деб қайғудаман. Лекин рўмол ўрамасликка Аллоҳдан қўрқяпман. Илтимос устоз менга маслаҳат беринг, ҳаққимга дуо қилинг