Парапсихология ва эзотерика динимиздан адаштирадими?

13:31 / 29.08.2019 | samiyya_7707 | 2037

Ассалому алайкум. Парапсихология ва эзотерика йўналишларида ўқиб, билим олсак, динимиздан адашиб қолмаймизми? Чакраларни очиш медитациялар қилиш ҳам мумкинми?

Руҳшунос:

Ваалайкум ассалом. Саволингизга жавоб беришдан аввал Малик Бадрининг асаридан парча келтираман. “Мусулмон сифатида инсонларга Аллоҳ берган илоҳий руҳ борлигини биламиз. Айнан шу руҳий компонент биз кўра олмайдиганларимизни кўриш имкониятини бериш учун макон ва замон ташқарисига чиқиб кела олади. Биз Пайғамбарларнинг мўъжизаларига ишонамиз ва бу мўъжизалар ҳар қандай паранормал кўринишлар, жинларнинг амаллари ва сеҳр-жодудан жуда катта фарқга эга эканлигини ҳам тушунамиз. Бу фарқлар бизларга Қуръоний қиссаларда Мусо алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом билан ўша замон сеҳргарлари ўртасида бўлган рақобат орқали очиқ билдирилган. Бу паранормал сеҳрий қобилият ва Яратганнинг мўъжизавий мадади ўртасидаги рақобат, тортишув эди. Мусо алайҳиссаломнинг ҳассалари Аллоҳнинг каромати орқали уларнинг арқонлари ва таёқларини ютиб юборади. Айнан шу воқеа шуни исботлайдики, мўъжизалар ва паранормал ҳодисалар ташқаридан қаралганида бир-бирларига ўхшаса-да, мўъжизалар бу ҳодисаларни йўққа чиқариб ёки уларнинг барча формаларини тубдан ўзгартириб юбора олади. Ҳамда биз мусулмонлар тақво эгалари ҳам паранормал қувватга эга бўлиши мумкинлигини биламиз. Бунга Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳунинг бошидан ўтган телепатик лаҳзаларини мисол қилиш мумкин. Бу воқеага Мадинада Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидларида жума намозига йиғилган юзлаб мусулмонлар шоҳид бўлганлар. Жума хутбасини ўқиб туриб, Умар розияллоҳу анҳу бирдан хутбага алоқаси бўлмаган сўзларни гапирди. У Мадинадан минг километр нарида форс қўшини билан жанг олиб бораётган мусулмон қўшини қўмондонига тоғ томонга яширинишни бақириб айтади. Намоздан сўнг жамоа нима учун хутбага алоқаси бўлмаган гапларни гапирганини сўрашганида Умар розияллоҳу анҳу форс қўшини мусулмон қўшинининг орқа томондан ҳужумга ўтмоқчи эканини бирдан сезганини ва бу ҳужумдан қутулишнинг ягона йўли мусулмон армияси жанг олиб борилаётган тоққа яшириниши зурур бўлганини айтиб беради. Узоқ сафардан сўнг мусулмон қўшинининг қўмондони Сария келиб, жангда ғалаба қозонгани ва бунга Умар розияллоҳу анҳунинг овозини эшитиб, берган маслаҳатини амалга оширгани сабаб бўлганини айтиб беради” (“Ислом психологиясининг назарияси ва практикаси”, 255-260 бетлар). Демоқчиманки, шаръий парапсихолог бўлиш учун ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилган бир хислатга эга бўлиш керак. Бу хислатга авлиё зотлар, тақводор зотлар эга бўлганлар. Бундай даражага эга бўлиш учун психология, парапсихология, эзотерика каби илмни билишнинг ўзи етарли эмас. Энг биринчи навбатда, Ислом динини, шариат ҳукмларини чуқур ўрганиш зарур. Шуни эсда тутиш керакки, паранормал ҳодисалар биз билан параллел оламда яшовчилар томонидан ҳам амалга оширилиб, бизларга кўрсатилиши мумкин. Олимлар томонидан қилинган ҳужжатли тажрибаларни инкор қилиб бўлмайди. Чакра масаласига келсак, бу руҳий марказлар, яъни ладуний илм деб тушунилади. Инсон илм олиши орқали тафаккур доираси, руҳий ҳолати кенгайиб бораверади. Демак, руҳий марказларга қизиқар экансиз илм олиб, тафаккурни ривожлантириш керак. Валлоҳу аълам.