Ассалому алайкум! Асални нисоби 653 кг экан. Агар 1тонна 100 кг асал олса қанча ушр берилади? Биринчи марта эди, шунга яхши тушуниб олмоқчийдим. Асаларига 7 млн атрофида ҳаражат қилинган. Яна қарзларим бор. Қарзимни жойига эгаси розилиги билан 170 кг асал бераман. Лекин улар хорижда. Шунга ҳар йили келганида 50- 60 кгдан бериб борсам. 3 йилда 170 кг асални қарзим ўрнига бераман. Яъни қарзимни ҳаммасини бу йил беролмайман. Шунга кўра асални нисобини чиқариш учун 170 кг асални чиқариб ташлайманми ёки бу йил 40 кг берсам шуни чиқараманми? 40 кг бердим. Яна 130 кг қарзим қолди. Ҳисоблаганда қандай чиқарай? Ўз туғишган акам ушрга ҳақли бўлса акамга ушр берсам бўладими?
عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ رَضِي اللهُ عَنْهُم قَالَ: جَاءَ هِلَالٌ أَحَدُ بَنِي مُتْعَانَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِعُشُورِ نَحْلٍ لَهُ، وَكَانَ سَأَلَهُ أَنْ يَحْمِيَ وَادِيًا يُسَمَّى سَلَبَةَ، فَأَجَابَهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَلَمَّا وَلِيَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ كَتَبَ لَهُ عَامِلُهُ سُفْيَانُ بْنُ وَهْبٍ يَسْأَلُهُ عَنْ ذَلِكَ، فَكَتَبَ لَهُ عُمَرُ: إِنْ أَدَّى إِلَيْكَ مَا كَانَ يُؤَدِّي إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنْ عُشُورِ نَحْلِهِ فَاحْمِ لَهُ سَلَبَةَ، وَإِلَّا فَهُوَ ذُبَابُ غَيْثٍ يَأْكُلُهُ مَنْ يَشَاءُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ
Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан ва у бобоси розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади:
«Бани Мутъондан бири бўлган Ҳилол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз асалларининг ушрини олиб келди. У ул зотдан «Салаба» деб номланадиган водийни қўриқхона қилиб беришни сўраган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ижобат қилган эдилар. Умар ибн Хаттоб бошлиқ бўлганда унинг омили Суфён ибн Ваҳб ундан ўша ҳақда сўраб, (мактуб) ёзди. Умар унга:
«Агар сенга асаларисининг ушридан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга адо қилиб юрган нарсани адо қилса, сен унга «Салаба»ни қўриқхона қилиб бер. Бўлмаса, у ёмғир пашшаси (асалариси) холос. У(асал)ни ким хоҳласа, еяверади», деб ёзди».
Абу Довуд, Насаий, Тобаронийлар ривоят қилганлар.
Шарҳ: Мутъон қабилаларидан бўлган Ҳилол исмли киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, уларнинг юртидаги «Салаба» номли асалариси кўп водийни ўзига қўриқхона қилиб беришни, ундан бошқа ҳеч ким яқинлашмайдиган қилиб қўйишни сўраган эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг талабига жавобан «Салаба»ни унга қўриқхона қилиб берган ва йиққан асалининг ушрини закот сифатида бериб туришни тайинлаган эдилар. Ҳилол ваъдага вафо қилиб, ушрни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келиб бериб турди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни ҳақдорларга берар эдилар.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб халифа бўлганларидан сўнг Ҳилол ва унинг қавми: «Закотни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга адо қилар эдик, энди адо қилмаймиз», деб туриб олдилар. Шунда ўша томоннинг омили Суфён ибн Ваҳб розияллоҳу анҳу воқеани баён қилиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга мактуб ёздилар. Ҳазрати Умарнинг жавоблари аниқ ва қатъий эди:
«Агар Ҳилол ва унинг қавми асалдан ушрни бериб турса, «Салаба» водийсини уларга қўриқхона қилиб бериш мумкин. Агар ушр беришдан бош тортсалар, ҳукумат ўз ҳимоясини олади, водийга ким хоҳласа, бориб, асални олаверади». Ҳилол ва унинг қавми бу огоҳлантиришдан кейин ушр беришда давом этишган.
Бу ривоятдан асалдан закот берилиши, унинг миқдори маҳсулотнинг ўндан бирича, яъни ушр тариқасида эканлиги билинади.
Умар розияллоҳу анҳу: «Бўлмаса, у ёмғир пашшаси (асалариси) холос. У(асал)ни ким хоҳласа, еяверади», демоқдалар. Яъни асалари ёмғир ёғадиган жойларга учиб бориб, униб чиққан набототларнинг гул-чечакларидан озиқланиб, асал йиғадиган бир ҳашарот, холос. Тоғ ва дарахтлардаги асалларни ким биринчи бўлиб олиб еса, ўша унга ҳақлидир.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: فِي الْعَسَلِ فِي كُلِّ عَشَرَةِ أَزُقٍّ زِقٌّ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَلَفْظُهُ: مِنْ كُلِّ عَشْرِ قِرَبٍ قِرْبَةٌ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Асалдан ҳар ўн мешчадан бир мешча», деди».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Абу Довуднинг лафзида:
«Ҳар ўн мешчадан бир мешча», дейилган.
Шарҳ: Демак, асалдан ушр (ўндан бири) берилар экан. Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаблари бу ривоятларни ҳужжат қилиб, асалдан ушр берилади, дейдилар ва яна қўшимча ҳужжатлар ҳам келтирадилар:
1. Сулаймон ибн Мусодан ривоят қилинади:
«Абу Мусо ал-Ашъарий айтади:
Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, асаларим бор», дедим.
Ул зот:
«Ушрни адо қил», дедилар.
Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менга тоғни қўриқхона қилиб беринг», дедим.
Ул зот менга асалари тоғини қўриқхона қилиб бердилар».
Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилганлар.
2. Байҳақий қилган ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Зубобни қавмига бошлиқ қилиб қўйганлар. У қавмига:
«Асалнинг ушрини адо қилинглар», деди. У ушрни олиб келди. Умар уни қабул қилиб олиб, сотди ва пулини мусулмонларнинг садақаларига қўшди», дейилган.
Яна бошқа бир неча ривоятлар келтирилади.
Асал ўсимлик ва дарахтларнинг гулидан олинади. Уни ейиш ҳам, сақлаб қўйиш ҳам мумкин. У мулк бўлади, сотса даромад келтиради. Бинобарин, зироат ва мевалардан закот фарз бўлганидек, асалдан ҳам закот бериш фарз бўлиши керак.
Моликий ва Шофеъий мазҳаблари «Асалда закот йўқ», дейдилар. Уларнинг фикрича, асалдан закот олиниши ҳақида собит хабар йўқ. Асал ҳайвондан чиқадиган суюқлик бўлиб, худди сутга ўхшайди. Сутдан закот олинмаганидек, асалдан ҳам закот олинмайди.
Уламолар эса «Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳабларининг далиллари кучли, асалдан ушр олинади», дейдилар. Албатта, асални олгунча кетган сарф-харажатларни чиқариб ташлаб, қолган соф даромаддан ушр чиқарилади. Асалнинг нисоби эса бошқа зироат бойликлари нисоби каби беш васақ – 653 кг бўлади.
Шу билан Қуръон ва ҳадисларда зикр қилинган ҳайвонот ва зироат бойликларидан закот чиқариш масаласи ниҳоясига етади. «Ҳайвонот бойликлари закоти» фаслининг охирида «Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган ҳайвонлар пайдо бўлса, зикри борларига қиёс қилинади, агар шартлари тўғри келса, улардан ҳам закот чиқарилади», деган эдик. Зотан, Ислом шариатининг барча замон ва маконларга мослиги ҳам шунда. Қуръон ва суннат бош масалаларни кўрсатиб, йўлловчи қоидаларни асослаб беради. Мусулмон уламолар эса улар асосида ижмоъ ва қиёс билан янги пайдо бўлган масалаларни бирин-кетин ечиб бораверадилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ
Маълумот “Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан олинди.