Ассалому алайкум! Бир савол-жавобда ўқиб қолдим. Фарзандни 2 ёшдан кейин эмизиб бўлмас экан. Бу ўлчов ёш билан ўлчанадими ёки ойлар биланми? Яъни мен биринчи фарзандим 7 ойлигида иккинчи фарзандимга ҳомиладор бўлганман ва биринчи фарзандимни 7 ойлигидан кейин эмизмаганман. Иккинчи фарзандимни туққанимдан кейин яна биринчи фарзандим ҳам эмишни бошлади, лекин у кўп эммайди. Иккинчи фарзандимга сутим бемалол етади. Иккинчи фарзандимни туққанимда биринчи фарзандим ҳали 2 ёшга тўлмаган эди. Ҳозирда у 2 ёшдан ошди ҳали ҳам эмизаман. Эмизиш агар ойлар билан ўлчанса фарзандим умумий 14 ойдан бери эмади. Ёши 2 ёшу 2 ойлик. Фарзандимни яна қанча эмизишим мумкин?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом. Эмизиш муддатини Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир» (Аҳқоф сураси, 15-оят), деган оят билан белгилаб қўйган.
Бу – Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ижтиҳодларига кўра икки ярим йилгача.
Аммо имом Абу Юсуф ва Муҳаммад «икки йил», деганлар. Уларнинг далили:
«Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. (Бу) эмизишни батамом қилмоқчи бўлган киши учундир» (Бақара сураси, 233-оят) деган оятдир.
Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча ҳадиси шарифларида ҳам таъкидланган («Кифоя»).
Демак, бола икки ёшидан кейин эмса, шаръий эмизиш собит бўлмайди. Онанинг сути онанинг бир бўлаги саналиб, зарурат юзасидан шариат болага унинг истеъмолига рухсат берган. Икки ёшдан кейин эмизиш ҳаром саналади.
Қиз бола, ўғил бола, деб хосланган ҳукм йўқ. Шунингдек, 18 ой деган гап асоссиз. Икки йил шамсий эмас, қамарий йил ҳисобида ҳисобланади. Валлоҳу аълам.