Қабзиятни қандай даволаш мумкин?

20:35 / 17.09.2019 | Aisha@ | 950
Ассалому алайкум. Опамда ич қотиш (қабзият) касаллиги бор. Тавсия этилган бир қанча дориларни ичиб кўрди, аммо фойдаси бўлмади. Бу касалликни қандай даволаш мумкин?
Шифокор:
Ва алайкум ассалом. Қабзият бу дефекация акти (нажас чиқиши) сонининг ёки нажас ҳажмининг камайиши бўлиб, бу ўз навбатида ичак ёриғидан зичлашган нажас массалари ўтишининг қийинлашиши билан боғлиқдир. Меъёрида дефекация акти сони турлича бўлади. Одатда кунига 3 марта бўлиши меъёрий ҳолат ҳисобланади. Баъзан бир ҳафтада 3 мартагача кузатилиши ҳам мумкин.
Қабзият белгилари: меъёрига нисбатан нажас консистенциясининг ўзгариши (қаттиқроқ ёки қуруқроқ), дефекация актига чақириқларнинг бўлмаслиги, дефекация актининг қийинлашиши ёки оғриқлилиги.
Қабзиятни келтириб чиқарувчи сабаблар:
Умумий сабаб: суюқликни етарли миқдорда истеъмол қилмаслик (дегидратация) ва жисмоний фаолликнинг камайиши (жароҳатланиш, жисмоний ҳолсизлик ёки касаллик туфайли)
Дори воситаларининг ножўя таъсирлари сабаб: антиҳолинергик препаратлар, опиатлар, кальций антагонистлари, темир препаратлари ва бошқа препаратларнинг организмга турли таъсири.
Механик сабаблар: ичак тутилиши (ичак обструкцияси, буралиши, ўсмалар, дивертикулит, ректоцеле, энтероцеле).
Эндокрин-метаболик сабаблар: гиперкалциемия, гипокалиемия, гипотиреоз, қандли диабет.
Туғма касалликлар: гиршпрунг касаллиги, муковисцидоз.
Нейромушак бузилишлар: склеродерма, амилоидоз, ичакнинг псевдо-обструкцияси.
Хавф омиллари: қарилик ва эрта болалик даври, яъни 2 ёшгача бўлган давр, бир вақтнинг ўзида бир нечта дори воситаларини қабул қилиш, невроз, гиподинамия.
Анамнез (касаллик тарихи) йиғишда қуйидагиларни аниқлаш лозим: қабзиятнинг биринчи эпизоди вақти ва кейинги сонини (маромлилик), нажас массаларининг хусусиятлари, қон аралашмаси мавжудлиги (ўзгармаган қонли нажас), дефекация вақтида оғриқнинг безовта қилиши, ел чиқишида қийинчиликнинг бўлиши, бошқа ёндош белгиларнинг кузатилиши (қайт қилиш, қоринда оғриқ, тана ҳароратининг ошиши). Бундан ташқари беморга унинг овқатланишига (парҳез) ва дори воситаларини қабул қилишига оид саволларни бериш зарур.
Кўздан кечириш вақтида қуйидагиларга алоҳида эътибор қилиш лозим: қорин соҳасига (ичакларда патологик шовқинлар, оғриқлилик, Щеткин-Блюмберг симптоми, нажас массаларининг тўпланиши ва бошқа патологик белгилар), тўғри ичакка (орқа чиқарув тешиги ёриқлари, структуралар, стеноз ёки ҳосилалар), гинекологик кўрик (ректоцеле, энтероцеле).
Лаборатор-ташхисий текширувлар. Агар анамнезида нажасда ўзгармаган қон кузатилган бўлса ҳамда ахлатни яширин қонга текшириш натижаси мусбат бўлса, қон умумий таҳлили тайинланади. Ичаклар пастки бўлимларининг барий билан рентгеноконтраст текшируви ичакларнинг қисман ёки тўлиқ тутилишини тасдиқлашга кўрсатма бўлиб ҳисобланади. Колоноскопия тана вазнининг камайиши, камқонлик ёки нажасда қон аралашмаси билан кечувчи қабзиятни баҳолаш мақсадида ўтказилади.
Дори воситаларисиз даволаш. Бундай даволаш қабзиятни енгил ва ўрта даражадаги юқори самарали даволаш тури ҳисобланади. Бунда истеъмол қилинадиган суюқлик миқдорини кўпайтириш, жисмоний фаолликни ошириш, қабзиятни чақирувчи ёки кучайтирувчи дори воситаларни (агар иложи бўлса) тўхтатиш, клетчатка сақловчи овқат маҳсулотларини истеъмол қилишга риоя этилади. Илиқ сув билан кўп бўлмаган ҳажмда ўтказиладиган битта ҳуқна ёки фосфат ва натрий гидрокарбонат билан микроҳуқна – даволашнинг бошқа усулларини бошлашдан аввал мақсадга мувофиқ равишда амалга ошириладиган терапевтик чорадир.
Дори воситалари билан даволаш. Ични бўшаштирувчи осмотик воситалар ва ичак перистальтикасини кучайтирувчи воситалар – даволашнинг қисқа курсларида қўллаш жоиздир. Магний оксидининг сувли суспензияси (400 мг/5 мл магний гидроокисни ўз ичида сақлайди), магний цитрат, лактулоза, алюминий-магний – кунига 2-3 марта 15-30 мл.дан ичишга тавсия қилинади. Натрий фосфат шамчалари.
Бисакодил 5-15 мг/суткада (кунига 1та таблеткадан 3та таблеткагача ҳолатга қараб қабул қилиш мумкин) ичишга ёки ректал шамчалар кўринишида тайинланади.
Натрий докузат кунига 100 мг.дан ичишга тавсия қилинади. Глициренли суппозиторийлар. Органик касалликларга шубҳа қилинган беморлар (масалан, оғриқ синдроми, қон аралаш ич келиши, ичакнинг механик ва динамик тутилиш белгилари, одатдаги даволаш самарасиз бўлган ҳолда ёшларда сурункали қабзият) кейинги текширув ва даволаш учун мутахассисга юборилиши лозим. Қабзият сурункали тарзга ўтган ҳолатда албатта мутахассис шифокорлар, хусусан, гастроэнтеролог, колопроктолог мутахассисларига кўриниб, текширувлар ўтказиш шарт.