Жағи чиқиши қандай хасталик?

02:15 / 19.09.2019 | Мастурахон | 823
Ассалому алайкум. Яқинда овсинимнинг жағи чиқиб кетди. Уч марта жойига солдиришди. Нима учун бундай бўлганини ҳеч ким тушунмаяпти. Илтимос жавоб беринг.
Шифокор:
Ва алайкум ассалом. Бу ҳолат тиббиётда сурункали одатланилган жағ чиқиши деб аталади. У чакка ‒ жағ бўғими аппаратининг ностабиллиги сабабли келиб чиқади. Жағ чиқиши суяклар структурасини бузилишига олиб келадиган қуйидаги касалликлар сабабли юзага келиши мумкин: остеомиелит, артрозоартрит, ревматизм, подагра, полиомиелит. Шунингдек, тишларнинг кўп қисмини йўқлиги ёки нотўғри протезлаш сабабли ҳам бу ҳолат юзага келиши мумкин. Шу ҳолат ва касалликларни истисно қилиш керак. Даволанса, ҳаммаси ўз жойига тушади иншааллоҳ. Яхши ортодонт шифокорга учраб ортодонтик аппаратлардан бирини тақишларини ҳам тавсия қиламан. Масалан, Петерсон мосламаси, танглай капплари ва пластинкалари (ечилувчи ва ечилмайдиган турлари бор) шулар жумласидан. Даволаниш ва мутахассислар тавсияси ўз вақтида қилинса, иншааллоҳ, жағ чиқиши чекланади. Жарроҳлик муолажасини ўтказиш охирги чора ҳисобланади. Аллоҳ шифо берсин.