Азон

21:18 / 28.03.2017 | Савол | 1602
Ассалому алайкум! Азонни балоғатга етмаган болаларнинг айтиши мумкинми ёки балоғатга етган бўлиши керакми? Ёки тўғри ўқиса ёшнинг аҳамияти йўқми? Қайси бири тўғри?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Мумаййиз, яъни ажратиш ёшига етмаган (ақли бўлмаган) боланинг азони дуруст бўлмаслигига, жоиз эмаслигига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки у ўзи нима қилаётганини идрок қила олмайди. Азоннинг тўғри бўлиш шартлари: Ислом, ақл ва эркакликдир.
«Бадоиъ ас саноиъ» китобида: «Ақли бўлмаган боланинг азони жоиз бўлмайди. Айтган азони қайта айтилади. Ақлсиздан содир бўлган нарса қушларнинг овози каби, ҳисобга олинмайди», дейилган.
Тамйиз – ажратиш ёшига етган боланинг азони жоизлигини Ато, Шаъбий, Ибн Абу Лайло, Абу Савр ва Ибн Мунзирлар айтишган. Улар бу гапга ҳужжат қилиб Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Анаснинг «Амакиларим менга азон айтишни буюришар эди. Мен эса балоғатга етмаган бола эдим. Анас ибн Молик шоҳид эди, буни инкор қилмаган», деган ривоятини олишган. Валлоҳу аълам