Ассалому алайкум! Қайнота-қайнонам ҳар-ҳар замонда мени хўжайнимга ёмонлаб туришади. Овсинимни қайнимга ёмонлашади. Оилавий одатлари шундай экан. Тўғриси, рози бўлишлари учун роса ҳаракат қиламан, лекин ғийбатимни қилаверишгач, охири хўжайиним "Хотинимдан розимасман, ҳеч нарсани эплолмайди" деб айтиб қутилдилар. Бундай гапларни ҳазм қилиш жуда оғриқли. Ўзим билан гаплашганда, хизматларини қилганимда олдин "Барака топинг" деб қўйишарди, ҳозир ҳудди хизматкорга қарагандай қарашяпти. Ўғилларини қизғонишадими, тушунолмадим. Овсинли бўлганимдан бери талаблар ҳам қийинлашди, олдингидай одамгарчилик юзасидан қилинадиган муомала ҳам йўқолди, буйруқбозлик бошланди. Рози бўлишмаса, биз келинлар жаннатга киролмасмишмиз. Шунга ўхшаш гаплар бошланди.
Хуллас, саволим: Ҳурматли устоз, илтимос йўл кўрсатинг. Қайнота-қайнонам эрим уйда йўқлигида биз келинларга қиладиган дилозорликларини хўжайнимга айтиб турсам тўғри бўладими? Тўғриси, доим айтаман, чунки ҳафалигим билиниб қолади. Энди эса ғийбатчи бўлдим, деб ўзимни айблаяпман. Мен индамасам, вазиятни умуман бошқача талқинда хўжайнимга ўзлари етказишади ёки ёмонлашда давом этаверишади. "Розимасман" деган эрим охири воз кечиб юбормаса бўлдийди, деган ҳавотир ҳам бор, Астағфируллоҳ. Қандай қилган тўғри бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Ғийбат эмас, бўлган ишни айтиб беришингиз жоиз. Валлоҳу аълам!