Ассалому алайкум. Қишлоқ жойларидаги боғчаларда таълим сифати яхши бўлмаганлиги сабаб 5 ёшли ўғлимни мактабга тайёрлов гуруҳига берсам бўладими? Ҳозир боғчанинг ўзида ташкил этилган ментал арифметика ва таэквандо тўгаракларига берганман. Қуръони карим сураларини ёдлашга хоҳиш ва истаги баланд. Ҳозир Залзала сурасини ёдламоқда. Бақара, Ёсин, Воқеа сураларидан 10 оятдан ёдлаган. Буларнинг ҳаммаси кейинчалик бола миясини чарчатиб қўймайдими?
Педагог:
Ва алайкум ассалом. Бола ўз хоҳиши билан ёдлаётган бўлса, бу жуда яхши. Фақат мия учун керак бўладиган витаминларга бой озиқ-овқатларни истеъмол қилиб, вақтида дам олиши керак.
5 ёшда бола мияси энг тез ривожланадиган ва қабул қиладиган давр ҳисобланади. Ёдлаган нарсаларини кейинчалик такрорлаб туриши керак. Акс ҳолда ёдидан кўтарилади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, болам яхши ўзлаштиряпти, деб уни 6 ёшдан мактабга бермаганингиз маъқул. Мутахассис сифатида болангизни 7 ёшга тўлгандан сўнг мактабга беришингизни маслаҳат бераман.