Болалар тарбиясига оид турли саволлар

10:49 / 22.10.2019 | Ilhom Abdurahmon | 691
1. Ассалому алайкум. Мени 5 ярим ёш ва 2 ярим ёш ўғилларим бор.Катта ўғлим яқинда боғчага борди. Лекин боғчага кўникиши қийин бўляпти. У укаси ҳам боғчага боришини хоҳлайди. Лекин укаси ҳали кичкина. «Укам уйда мазза қилиб ўйнайди, мен эса боғчада зерикаман», дейди. Аниқроғи унга боғчада ухлаш ёқмайди. У ерда ухлаб келиб кечқурун ухлашга жуда қийналади ва кеч ётади. Шу сабабли эрталаб эрта уйғонишни хоҳламайди. Нима қилсам уни яхшилик билан боғчага кўниктира оламан? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

2. Ассалому алайкум. Фарзандим 7 ойлик бўлди. Фарзандимни тўғри тарбиялаб, келажакда ўз ўрнини топа оладиган, солиҳа фарзанд бўлиши учун қандай ишлар олиб боришим керак? Чақалоқлар, умуман болалар тарбияси борасида қандай адабиётларни тавсия қиласиз?
Руҳшунос:
1. Ва алайкум ассалом. Болага уни режимга солишлари ёқмайди. Уй шароитида бола режимда бўлиши керак. Масалан эрта уйғониши ва ухлашга ётиши керак. Агар уй шароитини боғчаникига ўхшаш қилиб қўйсангиз, боғчага осон ўрганади. Фарзандингиз уйда жуда эркин экан. Эркин бўлгани яхши албатта, аммо ҳамма нарсанинг ўз ўрни бор. Бола ўз вақтида ухламаса инжиқлиги ошаверади, шунингдек боланинг ривожланишида ўзгариш ҳам бўлиши мумкин. Чунки бола организмининг ривожланишида муҳим роль ўйнайдиган соматотроп гормони пайдо бўлолмайди. Бу гормон эрта ухлашга ётганда, уйқуга кетган вақтдагина пайдо бўлади. Ўз вақтида ухлаб, барвақт уйғонса, боғчада ҳам, уйда ҳам ўз хоҳиши билан тушлик уйқусига кириб ётади. Валлоҳу аълам.

2. Ва алайкум ассалом. Жуда тўғри савол. Болани чақалоқлигидан тарбиялашни бошлаш керак. Чунки бола катта бўлиб ота-онанинг айтганини қилмайди, балки ота-онанинг онгидаги ишни қилади. “Қуш уясида кўрганини қилади” деганларидек, оналар ибодатларини йўлга қўйиб олган бўлишлари, қилаётган ишларида ҳеч ким кўрмасада эътиборли бўлишлари, шаръий илмни чуқур ўрганиб, унга амал қилишлари лозим. Она мусиқани кўп эшитса, табиий бола мусиқага меҳр қўяди. Ғийбатга берилса, бола билмаган ҳолатда ғийбатларга аралашиб қолади. Она жиззаки бўлса, ўзидан катталарга гап қайтарса, қўпол муомала қилса, табиийки бола кўрмаса ҳам, тушунмаса ҳам ана шундай ишларни қиладиган бўлади. Шунинг учун болани тарбиялаётган она аввал тарбияни ўзидан бошлаши керак. Она Қуръон ва ҳадисни мутолаа қилар экан, баланд овозда ўқиши, бола билан (гапирмайдиган кичик бола бўлса ҳам) чиройли оҳангда гаплашиб туриши, диний ривоятларни гапириб бериши керак. Нима тўғри, нима нотўғрилигини тушунтириши керак. Бундан онада шу ишни қилиш одати пайдо бўлади. Бола ҳали кичкина ҳеч нимани тушунмайди деса, бола катта бўлганида ҳам онанинг фарзанди билан гаплашиш одати бўлмагани учун буни уддалай олмайди ва болага ҳар доим у кичкина, ҳеч нимани тушунмайди деган тушунчада қолиб кетиши эҳтимоли бор. Валлоҳу аълам.