Бола туғилиши билан боғлиқ бидъатлар

20:09 / 29.11.2023 | Oysha | 403
Ассалому алайкум, Одинахон опа!
Алҳамдулиллаҳ, 3-фарзандимга ҳомиладорман. Бундан олдинги фарзандларимда эр-хотин ёш бўлганмиз, илмимиз оз бўлган, тадбирларни катталар айтганидек, урф-одатга кўра амалга оширганмиз. Аллоҳ кечирсин. Сизнинг урф-одатлар, бидъатларга оид жавобларингизни ўқиб фикрим ўзгарган. Шу сабаб иншааллоҳ бу фарзандимни дунёга келтирсам, қовурдоқ, сарпо-суруқ, видео, фото, лимузин, микки-маус, уйни шарлар билан безатиш кабилардан воз кечмоқчиман. Фарзанднинг ўзи катта неъмат, бундай дабдабалар ортиқча эканлигини тушуниб етдим. Турмуш ўртоғимга ҳам айтдим, тушундилар. Ўша пайт бола билан овора бўлиб қолишим мумкин, деб, онам, қайнонам, қариндош, яқинларни ҳозирдан огоҳлантириб қўйдим. Лекин бу гапимни ким эшитса "Қўй, ёмон ният қилма, ҳаммаси одатдагидек бўлиб, хурсандчилик билан ўтсин", дейишяпти. Очиқроқ айтсам, туғуруқхонага ўзим машина ҳайдаб бориб, қайтишда ҳам бола билан ўзим ҳайдаб уйга келишни хоҳлайман. Эримнинг келишга, дабдабалар қилишга имкони етади, лекин мен оддийлик, самимийликни хоҳлаяпман, менинг туғишим кимгадир тоғора, кимгадир сарпо қилиш, туғуруқхонага келиб оворагарчилик, галалашиш билан малол келишини истамаяпман. Лекин яқинларимнинг "Ёмон ният қилма" дейишлари тўғрими? Аксинча, аҳволим яхши бўлишини ният қилиб ўзим бориб келишни режалаштиряпманку. Бу қайтанга соғлом, бақувват бўлишни ният қилиш, Аллоҳ фарзанд неъмати берганининг ўзи хурсанд бўлиш учун етарлилигини англатмайдими? Қўй сўйиб ақиқа қилиш, элга амри маъруф қилиб ош беришни ҳам ният қилганмиз, лекин бемаъни тадбирлар умуман ёқмаяпти. Мақсадим бидъатлардан ҳоли бўлиб, тақво қилиш, исрофгарчиликдан тийилишда одамларга ўрнак кўрсатиш. Бу борада қай томоннинг фикри тўғри?
Узр, тушунтириш учун кўпроқ ёздим. Вақт ажратиб ўқиганингиз ва жавобингиз учун катта раҳмат!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Сизнинг ниятингиз тўғри албатта. Аммо туғриқ бошланганида жуфтингиз олиб боргани, қайтаётганида, одатий ҳолда ўз уловида олиб келгани яхши. Валлоҳу аълам!