Ассалому алайкум! Мадина опа, қимматли вақтингизни биз учун ажратаётганингиз учун ташаккур, Аллоҳ рози бўлсин!
Мени ёшлигимдан қийнайдиган муаммони ёзмоқчиман. Билмадим, бу муаммога соҳангизда ечим бормикин...
Ёшлигимдан уйқим жуда қаттиқ. Эрталаб уйғонишим жуда қийин. Қизлик давримда онам қайта-қайта уйғотардилар. Будилнигим қайта-қайта жирингласа ҳам эшитмайман.
Агар кечқурун эрта ухласам, эртароқ тура оламан. Лекин, ҳозир иккита болам бор, уларни ухлатгунимча кеч бўлиб кетади. Пешинда бир ёшли болам кўпинча уйғоқ бўлгани учун, кўпинча қайлулага ҳам имкон бўлмайди.
Кечаси таҳажжуд ўқисам, эрталаб ухлаб қоламан. Баъзида хатто 7-7:30ларгача ухлайман. Аксига олиб турмуш ўртоғим ҳам мендек уйқучилар. Бамдод намозини ҳадеб қазо бўлаётгани мени ташвишга солади. Ҳар куни кечқурун миямга эрта туришим керак деб буйруқ бериб ётаман. Фойдаси кам сезилади.
Барвақт туришда барака борлигини биламан, лекин нима қилай уйқим қаттиқ...
Қайнона-қайнотамгилар ҳам эрта туришади. Уларни олдида шундай уяламанки...
Илтимос, қўлингиздан келганча ёрдам беринг!
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Ёш болалик аёлларда уйқуга тўймаслик табиий. Чунки сурункали уйқусизлик шундай ҳолатга олиб келади. Лекин бунинг сабаби аниқдек туюлсада эҳтиёт шарт қон босимингизни нормаллаштириш, камонлик бор йўқлигини текширтириб туришингиз ва қалқонсимон безнинг иш фаолиятини ҳам эндокринолог кўригидан ўтиб аниқлаб юришингиз керак. Аёл киши бир кунда 8-9 соат ухлаши унинг соғлигининг яхшиланишига ёрдам беради. Тўғри овқатланиш, сифатли сув ичиш ва вақтида уйқуга ётиш ва эрта туриш соғлик гаровидир. Болаларингизни эрта ухлатиб, ўзингиз ҳам соат 22 да ухлашни йўлга қўйиб олишингиз кўпгина муаммоларингизни ҳал бўлишига олиб келади. Валлоҳу аълам.