Болаларнинг бошқа уйга боришлари

09:48 / 04.11.2019 | Ilhom Abdurahmon | 613
Ассалому алайкум! Бола бошқа уйга кўп бориши тўғрисида психологларимиз нима дейишади?
Мисол учун: бобосиникига, тоғасиникига ёки амакилариникига . . .?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Бола меҳмонга (кимникига) боришидан қатъий назар тарбияни, илмни аввал ўз оиласидан, онасидан, ота-онасининг бир-бирига бўлган муносабатларидан олади. Тўғри, бола бирор оилага мехмон бўлиб борганида у ерда баъзи ишлар унга ғалати кўриниши мумкин, аммо она у ердан қайтгач бола билан суҳбат ўтказиши, қайси иш шариатимизга, инсоний муносабатларга тўғри, қайси бири тўғри келмаслигини мисоллар келтириб гаплашиб олиши зарур. Шундай қилинганда бегона одамларнинг хулқ-атвори боланинг тарбиясига таъсир кўрсатмайди, аксинча, бола жамият ичида яшашга ва нима “оқ-у” нима “қора” эканини ажратиб оладиган зукко бола бўлиб тарбияланади. Ҳамда катта бўлгач, қариндош-уруғ ришталаридан узилиб, шариатимизга зид бўлган бу ишни қилмайдиган бўлади. Бола оила аъзоларидан бошқа жойга бормай ўсса, катта бўлиб жамиятга қўшилгач, оиласидан фарқли бўлган инсонларнинг феълидан, дунёда бўлаётган ишларни кўриб катта стресс ҳолатига тушиб, одамови бўлиб қолиши мумкин. Бундай бола то ўзини ўнглаб жамиятга қўшилгунича анча вақтни бой бериб қўйиш ва юзага келган тушунмовчилик, стресс ҳолати туфайли ривожланишидан бироз тўхтаб қолиши мумкин. Валлоҳу аълам.