Ассалому алайкум! Ўғлим 15 ёшда, яқинда интернетда беҳаё видео, суратларни кўраётганини билиб қолдим. Ўзининг телефони йўқ, отасининг телефонида кўриб, кейин ўчириб ташлар экан. Мен ҳам, отаси ҳам тушунтирдик. Лекин назаримда фойдаси бўлмади, кўп ҳаёл суради… Фикрларини қандай тозалаш мумкин? Зино қилиб қўйишидан қўрқяпман…
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Ҳа бу ҳозирги замонамизда кўпчилик оилаларда катта муаммо келтириб чиқаряпти. Бу ёшда қиз ва ўғилларда гормонал ўзгаришлар кучайгани сабабли, баъзиларда эса эрта етилиш пайдо бўлгани сабабли ота-оналар нима қилишларини билмай қоладилар. Аслида эса бу ўтиш давридаги оддий физиологик ўзгариш. Бироқ бу физиологик ўзгаришлар содир бўлаётган вақтда ота-оналар имкон қадар болага эътиборли бўлишлари керак. Яъни эртароқ ухлашга ётишини назорат қилиш зарур. Чунки, ухлашга кеч ётган бола вақтидан олдинроқ етилиб боради. Унинг ҳаёллари қоча бошлайди. Дарсларга, ота-онанинг кўрсатмаларига, уй ишларига эътиборсиз, гоҳида асабий, гап қайтарадиган, оила аъзолари билан кўп уришадиган, гап талашадиган, ҳар нарсанинг исботини талаб қиладиган, хулллас ўта жиззаки бўлиб қолиши ҳам кузатилади. Нима ҳалолу нима ҳаром ана шулар ҳақида суҳбатларни кўпайтириш, бундай ҳолатларни оят ва ҳадислардан мисоллар келтириб кўп гапириш керак. Шунингдек, бу даврда боланинг бўш вақти бўлмаслиги керак. Ота-она бола билан кўп суҳбатлар қуриши, унинг вақти режаланган бўлиши керак. Айтмоқчиманки, болага қўполлик қилиб “уй вазифани қилдингми, қани бир кўрайчи”, “дарсингни қил,бекор ўтирма”, деб дўқ қилиш керак эмас. Шунчаки уни қизиққан тўгаракларига олиб бориш орқали вақтини чегаралаш керак. Чунки бу ёшда бола анча изланувчан бўлиб, бир у нарсага бир бошқа нарсаларга қизиқаверади. Шунда ота-она “қўлингдан бирон нарса келадими ўзи, ҳар нарса бошингни тиқаверасану, бир ишни қойиллатмайсан” каби гапларнинг ўрнига у қизиққан тўгаракларига боришига шароит яратиб бериши керак. Бола шу изланишлар орқали ҳаётни ўрганади ва ўзини топа бошлайди. Бола қанча кўп тўгаракларга борса шунча яхши. Чунки касб танлашида бу иш катта ёрдам беради. Йўқса умр бўйи ўзини қидираверади, бу ҳаётда қандай ўрин эгаллашни билолмайди, билса ҳам қўлидан келмаса, атрофдагиларни бунда айблайверади. Валлоҳу аълам.