Турмуш қуришда иккиланиш

23:15 / 29.11.2019 | Muslimah_Y | 2671
Ассалому алайкум! Турмуш қуриш арафасидаман, аммо уйимдагилар кўнгил қўйган инсонимга турмушга беришмоқчи эмас. Сабаби оиламиз зиёли ва мени ҳам яхши, зиёли оилага узатишмоқчи. Кўнгил қўйган инсоним эса ўқимишли эмас, оиласи ҳам ўрта ҳол. Аммо уйдагилари ҳам, ўзи ҳам яхши инсонлар. Мана неча йилдирки совчи жўнатадилар, лекин уйимдагилар ҳар хил баҳона билан рад этишмоқда.Истиҳора намозини ўқидим, ҳар хил тушлар кўрдим (баъзида қора ранг, баъзида эса сариқ, пушти ранг) айнан нимага белги эканлигини билолмаяпман, кўнглимда ҳам иккиланиш бор. Асосий мақсадим ота-онамни рози қилиб турмушга чиқиш, аммо кўнглимга ҳам қарши чиқиб, бошқа бир бегона инсон билан қандай яшай олишимдан ҳавотирдаман. Илтимос, бу вазиятда хато қилиб қўймаслигим учун маслаҳатингизни аямасангиз. Олдиндан раҳмат, Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Турмуш масаласида шошилинч қарор қабул қилмаслик керак. Ҳамда айнан кўнгил қўйганга турмушга чиқиш бахтли бўлишдан далолат дегани ҳам эмас. Эҳтимол ота-онангиз ҳақдир. Сиз яхши шароитда яшаб туриб, бироз қийинчилиги бор оилага келин бўлсангиз ҳамма шарт-шароитларга сабр қила олишингизга ҳеч ким кафолат бера олмайди. Кўпинча келин бўлгандан кейин қизларимиз турмуш ўртоқларига “Менга фалон нарса едиришар эди”, “Мен фалон нарсаларни кийиб катта бўлганман, сиз эса менга етарли пул бермаяпсиз”, “Бизда отам (акам) фалон рўзғор қиларди, сизларда эса ундай эмас”, “Бизнинг уйимизда шароит бунақа, эди, сизларда шароит йўқ”, каби гаплар билан эркак кишининг ғурурига тегиб қўйишади. Бундай гаплардан кейин куёвнинг келиндан кўнгли сўниб, оилада жанжалларнинг аксарияти мана шу арзимаган гаплардан келиб чиқади. Шунинг учун келин бўлиб борадиган оиланинг шарт-шароити, оила аҳлининг қандай инсон эканликларига катта эътибор бериб, яхшилаб суриштириш керак. Албатта ҳамма оилада бир кўнгил оғриғи бўлмай иложи йўқ. Аммо баъзида бу кўнгил оғриқлари йиғилиб-йиғилиб катта дарду ҳасратга айланиб кетади. Шунинг учун ҳам ота-онанинг розилигига қаралиши керак. Чунки ота-онангиз сизни ўзингиздан яхшироқ биладилар ва сизга ким лойиқ эканлигини ҳам яхши биладилар. Валлоҳу аълам.