Ассалому алайкум. Мен жуда тортинчоқман. Кимдир нотўғри гап гапирса ҳам унга гапиролмайман. Менга бу характерим ёқмайди, уни ўзгартириш учун нима қилсам бўлади?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Сизнинг бу ҳолатингизни психологияда «эмотив тип» деб аталадиганларнинг тоифасига ўхшатдим. Бу тоифага кирувчи инсонлар бирор қарорга келиши бироз қийинроқ, кўпинча қатъий фикрга келишга осон бўлмайди ва ўзини қийнаб юради. Шунинг учун ўзингизни ортиқча айбламаслигингиз керак. Бу ҳолатингиз туғма бўлиши мумкин. Бу типнинг катта фойдали томони шундаки, бундай инсон ўз устида ишлай олади ва илмга қизиқувчан бўлади. Бу имкониятдан фойдаланиб кўпроқ илм олишга ҳаракат қилишингиз лозим. Шунда бошқаларнинг гапи хатто қаттиқ айблов бўлса ҳам, бир-икки кун безовта қилиб, кейин осон эсдан чиқади. Бу сизнинг энг катта ютуғингиздир. Дунёда нечта инсон бор бўлса шунча фикр чиқади. Бировни билиб-билмай дилини оғритиш инсонларга хос иш. Шунинг учун ундай инсонларнинг гапларига эътибор бериб, у инсон буни аллақачон эсидан чиқариб юборган бўлса ҳам, сиз уни ўйлаб юриб, ўзингизнинг бебаҳо қувватингизни сарфлашингизга арзимайди. Аксинча қувватингизни илм олишга сарфлашингиз керак. Ҳар бир кунингиз ғанимат эканлигини унутманг. Валлоҳу аълам.