Намоз

22:07 / 28-yanvar | Эъзоза Абдугафурова | 191
Ассалому алайкум!
Мени саволим намоз хакида
Биз катта оила боганимиз сабабли базида отам базида укам имомлик клишади шунда орка сафга эркаклар алохида, кизла келинла (яни мени амакимлани аёллари ) бн алохида орка сафда окилса буладими?
Йоки оиладаги номахрам булган кишилар бн жамоат боб окилса ножоизми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Жамоат – суннати муаккададир. Имомликка ҳақлироғи суннатни билувчироғидир. Сўнгра қорироғи, кейин парҳезкорроғи, сўнг ёши каттароғи. Агар қул, аъробий, фосиқ, аъмо, бидъатчи ёки валади зино имомлик қилса, макруҳдир. Аёлларнинг ўзлари жамоат бўлишлари ҳам (макруҳдир). Агар шундай қилсалар, имомлари ўрталарида туради. Ёш аёлнинг барча жамоатга, шунингдек, кампирнинг пешин ва асрга ҳозир бўлиши ҳам (макруҳдир). Таҳоратли таяммумлига, ювган масҳ қилганга, тик турган ўтирганга, имо қилувчи имо қилувчига ва нафл ўқувчи фарз ўқувчига иқтидо қилаверади. Эркак киши аёлга ёки ёш болага, таҳоратли узрлига, қори уммийга, кийимли яланғочга, имо қилмайдиган имо қиладиганга, фарз ўқувчи нафл ўқувчига ва бир фарзни ўқувчи бошқа фарзни ўқувчига иқтидо қилмайди. Имом намозни ва бомдоддан бошқада биринчи ракъат қироатини чўзиб юбормайди. Муқтадий бир киши бўлса, унинг ўнг тарафида ту-ради. Биттадан кўп бўлса, орқасида туради. Аввал эркаклар, кейин болалар, сўнгра хунасалар ва улардан кейин аёллар саф тортадилар. Такбири таҳрима ва адода икковлари шерик бўлган мутлақ намозда аёл киши (сафда) эркакка тенглашиб қолса ва у (эркак) аёлга имомликни ният қилган бўлса, эркакнинг намози фосид бўлади (бузилади). Бўлмаса, аёлнинг намози (бузилади). Юқорида зикр қилинган матнда намозни жамоат бўлиб ўқишнинг ҳукми, имомликка ҳақли кишилар, имомлиги макруҳ одамлар, аёллар ва жамоат намози, ким кимга иқтидо қилиши жоиз-у, кимники жоиз эмаслиги, сафда туриш каби масалалар ҳақида сўз юритилмоқда. Энди уларни шарҳлашга ўтайлик. Жамоат – суннати муаккададир. Имом билан муқтадийнинг намози ўртасида ҳосил бўлган боғланиш «жамоат» дейилади. Намозни жамоат билан ўқиш Қуръон, Суннат ва ижмоъ ила собит бўлган. Аллоҳ таоло Нисо сурасида:
«Улар ичида бўлсанг-у, уларга намозни қоим қилмоқчи бўлсанг, улардан бир тоифаси сен билан турсин ва силоҳларини ўзларида тутсинлар», деган (102-оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Саҳобаи киромлар жамоат намозининг ҳижратдан кейин шариатга киритилганига ижмоъ қилганлар. Аввалги кишилар жамоатнинг такбири таҳримасидан қолсалар, уч кун, жамоатдан қолсалар, етти кун ўзларига таъзия эълон қилар эдилар. Жамоат билан намоз ўқишнинг ҳикматлари кўп: жамоат билан намоз ўқиш намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди. Куч жамоатда эканини англатади. Ижтимоий боғланишни, ҳамкорликни кучайтиради. Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган муҳим омилдир. Намозда, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамма бир жойда, бир сафда туради, бир хил амални бажаради ва яккаю ягона Аллоҳ таолога банда эканликларини изҳор қиладилар.
Валлоҳу аълам.
Одинахон Муҳаммад Содиқ.