Ассалому алайкум! Ассалому алайкум Одинахон опа! Қилаётган хайрли ишларингиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин. Саволим қазо рўзалар ҳақида. Мен бир китобда «қазо рўзалари бор одам нафл рўза тутиши макруҳ» деб ўқигандим. Кейин қайси китобда, қаерида ўқиганимни топа олмадим. Мен 1996 йилман, шу йил Рамазон рўзасини тўлиқ фазилатларини тушуниб, тутишни бошладим. Қазо рўзаларимни тутиб олмоқчиман, 9 ёшимдан хисоблайманми ёки биринчи ҳайз кўрилган ёшдан ҳисоблайманми, шуни билмаяпман. Агар биринчи ҳайздан хисобланса, мен неча ёшимда ҳайз кўрганимни эслолмайман. Қазо рўзаларда қандай ният қиламан? Ва яна бир саволим, мен тушгача дарсда бўламан, уйга келгунимча менга овқат олиб қўйишади, масалан мен қазо рўзаларимни тутиб юрганимни билдирмаслик учун хамда уйдагиларим «оч юрибди» деб хавотирланмасликлари учун овқат еб ол дейишганида «ўқишда еб келдим» десам бўладими? Чунки онам жудаям хавотирчан аёл, шунақа десам улар тинч ўтиришади. Ёки бу хам ёлғонга кирадими? Уйдагиларим нотўғри тушуниб қолишмасин деб ҳам қўрқяпман…
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! «Қазо рўзалари бор одам нафл рўза тутиши макруҳ», дейилгани нафлдан кўра аввал фарз рўзани муқаддам қилиш кераклиги юзасидандир. Бунда киши закот бермай туриб, ихтиёрий садақа чиқаргандек бўлади. Аввал зиммасидаги фарзларини адо этиб, кейин ихтиёрий савоб амалларни қилиш керак.
Балоғат ёшига етгандан кейин рўза тутиш фарз бўлади. Балоғатга етишнинг энг катта аломати қиз болалар учун ҳайз кўришдир. Сиз яхшилаб эслашга ҳаракат қилинг. Одатда ҳар бир аёл қачон илк бор ҳайз кўрганини эсида тутади. Бўлмаса, тахминан ҳисоблаб, қарз рўзаларингизни тутиб бораверасиз.
Қазо рўзани «Фарз бўлган, Рамазонда тутилмаган рўзамнинг қазосини тутяпман», деб ният қилинади.
Уйдагиларга бу ҳолатни тўғри тушунтиринг, ёлғон гапириш керак эмас. Валлоҳу аълам