Қизим ҳақида

22:38 / 08.01.2020 | UmmuAbror | 1693
Ассалому алайкум. Менинг 8 ёшли қизим бор. Бирор жойга меҳмонга борсак, болалар билан яхши ўйнайди. Лекин ўша куни кечаси эрталабгача уйқусида йиғлаб ёки алаҳсираб, гапириб чиқади. Гоҳида бу ҳолат 2-3 кун давом этади. Қизимнинг характери жуда ҳам оғир. Фақат хонасида рангли қоғозлардан, ёки пластлиндан нарсалар ясаб ўтиришни яхши кўради. Бугун мактабда нима дарслар ўтишганини, нималар қилишганини сўрасам, «ҳеч нарса», дейди. Агар савол беришда давом этсам чарчаганини айтиб, туриб кетади. Ҳеч кимга зиёни тегмайди. Катталарга гап қайтармайди. Аммо она бўлиб гоҳида фарзандим нима хоҳлашини билмайман. Маслаҳат беринг, нима қилсам қизимни кўнглига йўл топаман?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Қизингизнинг бу ҳолатида қўрқувга ўрин йўқ. Боладаги бу ҳолат психологияда “звуковой вектор” деб номланади. Ўз эмоцияларини намоён қилмайдиган, жуда камгап инсонлар шу “звуковой вектор”га кирувчилардир. Бундай инсонлардан истеъдодли журналистлар, ёзувчилар, кучли хаттотлар, дизайнерлар, психологлар етишиб чиқадилар. Чунки улар ўз энергияларини гап сўзларга, кулгуларга ёки аксинча дардларини тўкиб сочишга, очиқликка, инсонлар билан контакт яъни муносабат қуришга ишлатмайдилар. Улар ўз энергияларини ички мулоҳазаларга, ижодга, тафаккурга сарфлайдилар. Бу ишлар атайин содир бўлмайди. Бу инсонлардаги туғма ҳолатдир. Бундай инсонларни тарбиясига, илм олишига ота-оналари кучли эътибор, алоҳида шароит яратсалар, кўпинча булардан юқори истеъдод соҳиблари, олимлар, янги кашфиётлар очадиган инсонлар етишиб чиқадилар. Чунки бундай инсонлар бир ишга киришсалар ёки бирон муаммони ҳал этмоқчи бўлсалар, албатта бор эътиборини фақат шу ишга қаратадилар. Дарҳақиқат бундай болаларнинг онаси бўлиш осон эмас. Чунки савол берилганда жавоб келмайди. Бирон бир ҳолатларда ҳамма инсонлар эмоциясини, ҳис-ҳаяжонини намоён этмай туролмасада, “звуковой вектор”даги инсонлар ичида ўзи билан ўзи кураш олиб борадилар. Гўё сокин оқаётган дарё бўлиб, аммо тагида кучли оқими бор бўлганга ўхшаш. Шунчаки мимика, ҳис-ҳаяжон ифодаланадиган шароитда бу каби инсонлар ўз ичларида реакция кўрсатгиси келиб, ўзи билан курашади. Фақат уддалай олмайди. Шунинг учун бундай болаларга ортиқча гапириш, улардан нималарнидир талаб қилиш, бақириш мумкин эмас. Бу билан тарбиясига кучли таъсир кўрсатиб маънавий ва аҳлоқий аутистга айлантириб қўйиш мумкин. Шунчаки уларни ривожлантириш керак. Қизингиз ўзи яхши кўрган иш, касб ёки илм эгаси бўлиши учун тайёрлов курсларига олиб бориш, ривожлантириш, ўқитиш керак бўлади. Бундай болалар психологик нуқтаи назардан муҳафазаланмаган бўлиб, уларнинг дилларига арзимаган гап билан кучли зарба бериб қўйиш мумкин. Шунинг учун бундай болаларнинг оналари ўта меҳрибон бўлишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.