Асабларим чарчаган...

14:59 / 11.01.2020 | Sayyor | 2021
Ассалому алайкум! Мен жуда ҳам асабийман, ҳар нарсага жаҳлим чиқаверади. Қиз фарзандим бор, ҳозир ҳомиладорман. Лекин ҳомиладор бўлмаган пайтимда ҳам жаҳлим тез, рашким қаттиқ. Турмуш ўртоғимни ёқтирган қизлари билан гаплашганларини гувоҳи бўлганман. Саҳифангиздаги савол-жавобларни ўқидим, аммо уларга амал қила олмаяпман. Даволандим, аммо фойдаси бўлмади. Турмуш ўртоғим мен кутган муносабатда эмаслар. Илтимос, менга маслаҳат беринг.
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом. Ҳадисларнинг маъносига қараб айтадиган бўлсак, ғазаб келганда тикка турган бўлса, ўтириб олиш, ўтирган ҳолда бўлса, ётиб олиш керак. Ҳамда бундай вазиятда инсон чуқур-чуқур нафас олиб, сўнг сув ичиши ва пиёда юришга чиқиб кетиши керак. Сўнг бироз ҳовуридан тушгандан сўнг вазиятни бирма-бир мулоҳаза қилиб чиқиш керак. Ғазаб қилишга нима сабаб бўлди, қайси амал билан бу ҳолатдан чиқиб кетиш мумкин, кейинги сафар шунга ўхшаш иш содир бўлмаслиги учун қандай қилиб олдини олиш мумкин каби саволларни инсон ўзига бериши керак. Организмда гармонал ўзгариш ва баъзи минераллар етишмовчилиги сабабидан ҳам асабий ҳолатлар пайдо бўлади. Ичингиздан қандай ҳислар ўтса, ана ўшаларни акс эттирувчи воқеалар ҳаётингизда ҳам содир бўлиши мумкин. Шунинг учун ўзингизни бошқаришни асосий вазифа қилиб олишингиз керак. Зинҳор ғазабни ютиб, уни ичингизга “кўмиб” ташламаслик керак. Чунки бу ғазаб йиғилиб охири “портлаш” содир бўлади. Унинг пайдо бўлишини олдини олиш керак ёки сизни асабингизни бузган одам билан уришмай, талашмай, чиройли ва онгли равишда гаплашиб олиш ёрдам беради. Ўзингиз бу ҳолатдан қутулишни эплолмасангиз, албатта психолог билан суҳбатлашиб олганингиз яхшироқ. Валлоҳу аълам.