– Ва алайкум ассалом!
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кўргани келдилар ва у кишига:
«Нимадан шикоятинг бор?» дедилар.
Шунда Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Гуноҳларимдан», деб жавоб бердилар.
«Нимани хоҳлайсан?» деб сўрадилар ҳазрати Усмон.
«Роббимнинг раҳматини», дедилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.
«Сенга табиб юборайми?» дедилар ҳазрати Усмон.
«Табибнинг (яъни Аллоҳнинг) Ўзи касал қилди», деб жавоб қилдилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.
«Бўлмаса моддий ёрдам беришни буюрайин», дедилар халифа.
«Менинг унга ҳожатим йўқ!» дедилар бемор.
«Сенга бўлмаса, ортингдан қолган қизларингга керак бўлар», дедилар халифа.
«Менинг қизларимнинг камбағал бўлишларидан қўрқяпсанми?! Менинг бешта қизим бор. Барчаларига ҳар кечада «Воқеа» сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «Ким «Воқеа» сурасини ҳар кеча ўқиса, камбағаллик ва ҳожатмандлик кўрмайди», деганларини эшитган эдим», дедилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида ҳам таваккал, яъни ҳар бир нарсада Аллоҳ таолога суяниш қандай бўлиши кераклиги борасида дарс ўтдилар. Ислом туфайли мўъжизага айланган зот умрларининг охиригача ўша ҳолда қолдилар.
Валлоҳу аълам!