Ассалому алайкум! Ижтимоий тармоқларнинг бирида ўнг елка билан ётиш фойдали ва чап елка, осмонга қараб, қорин билан ётиш зарарлари ҳақида ўқиб қолдим. Ва ўша ерда ёзилишича Муҳаммад с.а.в осмонга қараб ётган саҳобаларнинг оёқларини қимирлатиб "бу Аллоҳ Таолони ғазаблантирадиган ётишдир" деб таъкидлаганлари ёзилган. Бошқа бир ривоятда эса " батаҳқиқ, у дўзах аҳлининг ётишидир" деб қайд этилган. Шу сабабли ҳар қанча ўнг елка билан ётишга ҳаракат қилмайин, ноқулай бўлаябди. Алламаҳалгача ухлай олмаябман. Ва охир оқибат осмонга қараб ёки қорин билан ухлаб қолябман. Кўнглим жуда ғаш, нима қилишга ҳайронман. Ўнг тарафга қарамасдан ётаверсам, гуноҳ бўладими? Қийин бўлсада ўнг тарафга қараб ётишга кўникишим керакми? Мени хавотирга соладиган нарса "Аллоҳ таолони ғазаблантирадиган ётиш". Агар шу ҳолатда ётаверсам Аллоҳ ғазабланишига сабабчи бўламанми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин. Беминнат халқимизга дин йўлидаги хизматингиз учун ташаккур устоз.
– Ва алайкум ассалом!
3834. Тофха ибн Қайс Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Саҳар чоғи масжидда қорнимни ерга бериб ётган эдим. Биров мени оёғи билан туртиб:
«Бундоқ ётишни Аллоҳ ёмон кўради», деди.
Назар солсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар».
Шаръ: Ушбу ҳадиси шарифда васф қилинган ҳолда ётиб бўлмайди. Энг яхши ётиш–ўнг ёнбош ила ётиш. Лекин чап ёнбош билан ёки чалқанча ётса ҳам бўлади. Чунки бундоқ ётиш наҳйи қилинмаган.
Аллоҳ ёмон кўрган ишни қилмаслик керак.
Валлоҳу аълам!