Идда

02:53 / 21.02.2020 | Charos Saidova | 771
Ассалому алайкум! Идда ҳақида тўлиқ маълумот олмоқчийдим.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Ҳайз кўрадиган ҳур аёлнинг талоқ ва фасх учун иддаси учта тўлиқ ҳайз бўлади. Хожаси вафот этган ёки озод қилган умму валад, шубҳа билан ёки фосид никоҳ ила жинсий яқинлик қилинган аёл ўлимда ва ажрашганда ҳам шундай бўлади. Кичкиналиги ёки катталиги (сабабли) ёки ёши етса ҳам, ҳайз кўрмаётганларники уч ойдир. Ўлимдан кейин тўрт ою ўн кун.

Ҳайз кўрадиган чўри учун икки ҳайздир.

Ҳайз кўрмайдиган ёки эри ўлган чўрининг иддаси ҳур аёлнинг иддасининг ярмидир. Ҳомиладор ҳур аёлнинг ҳам, чўрининг ҳам эри ўлгандан кейинги иддаси ҳомиласини туғишидир. Кичик ёшдаги эрнинг ўлимидан кейин ҳомиладор бўлган аёлнинг иддаси ўлим иддасидир. Икки ҳолатда ҳам насаб собит бўлмайди. Масъулиятдан қочиб талоқ қилганнинг хотининики, агар боин бўлса, икки муддатдан узоғи ва ражъий бўлса, ўлимники.

Ражъий талоқ иддасида озод қилинган чўрининг иддаси ҳур аёлнинг, боин талоқ иддасида озод қилинганники ва ўлимники чўрининг иддаси кабидир. Ҳайздан қолган аёл бир неча ойдан кейин қон кўриб қолса, иддани қайта бошлаб, ҳайз ила санайди. Шунингдек, бир ҳайз кўриб, кейин ҳайздан қолса ҳам янгитдан идда бошлаб, ой билан санайди. Идда ўтирганида шубҳа ила яқинлик қилинган аёлга бошқа идда вожиб бўлади. Икки идда бир-бирига киришиб кетади. Биринчиси тамом бўлганида иккинчисининг баъзиси ўтган бўлади.

Фосид никоҳнинг иддаси ажратилганидан ёки яқинликни тарк қилишга азму қарор қилганидан кейин бошланади. Аёл бехабар бўлса ҳам идда тугайверади. Агар эр ўзи қўйган боин талоқда идда ўтирган аёлни қайта никоҳлаб олиб, яқинлик қилмасдан аввал талоқ қилса, тўлиқ маҳр ва янги идда вожиб бўлади. Зиммий талоқ қилган зиммияга ва биз томонга муслима бўлиб чиққан ҳарбияга идда вожиб эмас. Илло, ҳомиладор бўлса, вожиб.

Боин талоқдан ва ўлимдан кейин идда ўтирган балоғатга етган, оқила ва муслима аёл зебу зийнатни, заъфарон ва усфурга бўялган нарса кийишни, узрсиз мой, ҳинно, хушбўй ва сурма суришни тарк қилиш билан аза тутади. Озод бўлгани учун ва фосид никоҳдан кейин идда ўтирувчи эмас. Иддадаги аёлга совчи қўйилмайди. Фақат ишора йўли билан бўлса, майли.

Боин ва ражъий талоқнинг иддасида ўтирган аёл уйидан асло чиқмайди.

Вафотнинг иддасида ўтирган аёл кеча-кундуз чиқиши мумкин. Аммо манзилида тунайди.

Аёл ажрашгандан кейин ҳам, вафотдан кейин ҳам ўз манзилида идда ўтиради. Илло, у бошқалар томонидан чиқарилса ёки молининг талафотга учрашидан ва уйнинг йиқилишидан қўрқса ёхуд уйнинг ижара ҳақини топа олмаса, чиқади. Боин талоқда икковлари ўртасида тўсиқ бўлиши лозим. Манзил иккиси учун торлик қилса, эрнинг чиққани яхшироқ. Эрнинг фосиқлиги учун ҳам шундай қилинади. Ораларини тўсишга қодир бир аёлнинг қўйилиши яхшидир.

Агар эр уни сафарда боин талоқ қилса ёки ўлиб қолса ва аёл билан шаҳрининг ораси сафар масофасидан оз йўл бўлса, ўз шаҳрига қайтади. Агар уларнинг ораси ҳар томонга сафар  масофасича бўлса ва аёл очиқлик жойда бўлса, ихтиёр ўзида. Қайтиш афзал. Агар ўша пайтда аёл шаҳарда бўлса, ўша ерда идда ўтиради. Сўнгра маҳрами билан чиқади.

«Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» маъноларини билдиради. Шариатда эса аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашганидан сўнг сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади.

Бу ҳукмнинг шариатга киритилиши бир неча ҳикматларга эгадир.

Биринчиси: эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми эканлиги аниқланади. Бу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади. 

Иккинчиси: ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади. 

Учинчиси: эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади. Яна бундан бошқа ҳикматлари ҳам бор.

 Валлоҳу аълам!